ҲИСОБЛАГИЧЛАР ВАҚТИНГИЗНИ ТЕЖАЙДИ

Мамлакатимизда аҳоли нуфузи кун сайин ошиб, табиий реурсларга бўлган талаб кучаймоқда. Натижада газ, электр, иссиқ сув, совуқ сув истеъмолчиларининг сони ҳам сезиларли даражада кўпаймоқда. Табиий ҳолки, истеъмолчи қанчалик кўпайса, уларга хизмат кўрсатиш тизимини ҳам такомилаштириш талаб этилади.

Ҳукуматимиз томонидан жорий йилнинг 20 август санасида қабул қилинган “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори истеъмолчиларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди деяоламиз.

Бугунги кунда давлат хизматлари марказлари аҳолига қулай, шаффоф, халққа яқин хизматлар кўрсатиб, ҳар бир фуқаронинг қалбидан муҳим ўрин эгаллади. Эндиликда ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматларини кўрсатилиши фуқароларга бир қанча қулайлик яратади, Сабаби, авваллари ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш зарур бўлиб қолганда, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мурожаат қилина рэди. Мурожаатни ўрганишга 12 ойлаб вақт кетарди.

Шу билан оворагарчилик қанийди тугаса! Ундан кейин коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ходими келиши, ҳисоблагични белгиланган тартибда ечиб олиб кетиши, қиёслангандан кейин яна қайтариб олиб келиб ўрнатилишига кетадиган муддатдан тан олиб айтиш керакки, халқимиз жуда чарчаган эди. Янги қонунга кўра жорий йил 1 ноябридан истеъмолчи тўғридан тўғри Давлат хизматлари агентлигига сўровнома тарзида мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда сўровнома юбориши мумкин. Қолган барча жараёнлар ўз маблағлари ҳисобидан таъминотчи корхоналар ва уларнинг мутахассислари томонидан бажарилади, яъни бу ҳисоблагични ечиб олиш, қиёсловдан ўтказиш, агар таъмирталаб бўлса, таъмирлаш ҳамда олиб бориб ўрнатиб бериш жараёнларидан иборат.

Аввалги жараёнда фарқи нимада бўлади, дейсизми? Ҳисоблагич ускунасини ечиб олиш 5 иш куни, ўрнатиш эса 3 иш куни муддатида бажарилади. Ариза топширувчи жами 14 иш кунида ўз мурожаатига жавоб олади. Бу аввалгидек фуқароларнинг 2-3 ойлаб оввора бўлишлари энди йўқ дегани. Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) қиёслашдан ўтказиш давлат хизматини кўрсатганлик учун жисмоний шахслардан (маиший эхтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи жисмоний шахслардан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи; юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Бунда ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича бир вақтда мурожаат қилинганда йиғим суммаси бир марта ундирилади. Ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) қиёслашдан ўтказиш назарда тутилмаган ҳолларда ечиш ёки ўрнатиш учун йиғим ундирилмайди.

Бир сўз билан айтганда бундай қонун ва ҳужжатларнинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад фуқароларимизнинг бугунидан рози, эртанги кунга нисбатан ишонч ҳисси билан яшашларини таъминлашдан иборат.

Қайим Холов

Давлат Хизматлари Агентлиги

 Бухоро вилоятбошқармаси бошлиғи