Йигирма олтита оилага қўшалоқ байрам

Кўнгли ўксик инсонларнинг аксарияти бировдан бир бурда нон сўрашни хуш кўрмайди.

Имкони қадар тирикчилигини қилиб, шукронасини айтиб юраверади. Бироқ уларнинг ҳолидан хабар олиш, муаммоларига ечим топишда кўмаклашиш қалбида эзгу мақсадлари бор ҳар қандай инсоннинг бурчидир.

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизматининг маълумот беришича, Ғиждувон туманидаги “Оқ гул” тўйхонасида Бухоро вилояти “Меҳригиё” меҳр-мурувват Жамоат фонди ва O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамкорлигида  ташкиллаштирилган тадбирда қатнашганларнинг кўнглидан  худди шундай фикрлар кечгани шубҳасиз.

Хўш, унда бу қанақа тадбир экан-а, дерсиз?.. Вобкент, Бухоро ва Шофиркон туманларидан келган  26 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг суннат тўйлари бўлиб ўтди. Энг азиз, энг улуғ байрам арафасидаги тўйда O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Жасур Болтаев сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклади. Тўйболаларнинг келажакда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишларига умид билдирди. Шунингдек, бу йил “Меҳригиё” меҳр-муруват жамоат фонди ташкил топганига 15 йил тўлганлиги муносабати билан фонд раҳбари Бахтиёр Тиллаевнинг савоб ишларни қилишдан чарчамаган елкасига тўн ёпди.