Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент билимли, ташаббускор, ташкилотчи, фидойи ёшларга масъулиятли раҳбарлик лавозимларини ишониб топширмоқда.
Жумладан, Алишер Саъдуллаев ҳам қисқа вақт ичида янги марраларни забт этди. Дастлаб, 2017 йил июль ойидан 2018 йил октябрь ойигача Халқ таълими вазирининг ўринбосари лавозимида самарали иш олиб борди. 2018 йил 27 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Юнусобод туманига ташрифи давомида 24 ёшли Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ушбу йиғилишда «Президент бизга жуда катта имкониятлар берди, у киши биз, ёшларга ишонди. Ишонч эса катта қарз, буни унутмаслигимиз керак», — деган эди А. Саъдуллаев.
Унинг фикрича, Президент ёшлар вакилини бекордан-бекорга бу лавозимга тайинламаган — давлат раҳбари бу билан ёшлар қўрқмаслиги ва ўз ғояларини баралла айтиши кераклигини билдирмоқчи бўлган.
Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 августдаги фармонига биноан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимда ишлаб келган Алишер Саъдуллаев шу кундан бошлаб Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажариш юкланди.
— Давлат раҳбари томонидан бу лавозимга тайинланишим нафақат менга, балки барча ёшларга берилган юксак ишончдир. Бу оиламизга, шарафли касб эгаси бўлган ўқитувчи отам ва меҳрибон онажонимга катта фахр. Шунингдек, айни кунларда ўқитувчилар нуфузини ошириш учун қилинаётган ҳаракатларга мос равишда бу тайинлов ўқитувчи оиласига ўзгача куч бағишлайди, — дейди А.Саъдуллаев. — Давлат раҳбарининг юксак ишончи ҳар қандай ёш ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш ва халқига садоқат билан хизмат қилиш орқали юқори марраларга эришиши мумкинлигининг исботидир.
Сингапур менежментини ривожлантириш институтини тамомлаб, фаолиятини «Result» ўқув маркази директорлигидан бошлаган ёш раҳбар «Кимни қўлида ишлар эканман, нима иш қилсам экан?», деб эмас, «Мен бундан-да кўпроқ иш ўрни яратишга қодирман, янада изланишим, кўпроқ меҳнат қилишим керак», деб ўз устида ишлагани боис бугун унинг ютуқлари бардавом. Яратаётган йирик лойиҳалари, катта режалари амалга ошяпти.
«Президент ёшларни қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда биз ҳам Алишер Саъдуллаев каби ёшлар сафи кенгайишини хоҳлаймиз. Чунки юрт эртасини ана шундай ишбилармон, илғор ёшлар яратади», — дейилади Ёшлар медиа маркази хабарида.