Тома-тома кўл бўлур

Ҳаётнинг бир ҳақиқати бор: Ким нимани хор қилса, ўшанга зор бўлади. Айниқса сувни исроф қилиб бўлмайди. Сув – бу сайёрамизнинг асосий табиий бойлиги ҳисобланади. Сувни биз ичамиз, кундалик эҳтиёжларимиз учун ишлатамиз, лекин ҳозирги вақтда ичимлик сувининг дунё бўйича танқислигини хаёлимизга келтирмаймиз.

Одам оч қолса бир амаллаб уни тўйдириш мумкин. Ташна бўлса-чи? Ташналикнинг, сувсизликнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Бугунги кунимизга назар ташласак: биров сувни зар деб билса, яна биров уни бехуда сарф қилади. Ичимлик суви жўмракларидан сув тўхтамай оқиб ётса ҳам, ювиниш ва кир ювишда истеъмолга яроқли сувни ҳаддан зиёд ишлатса ҳам биров “Ҳой, сувни бекорга сарфлама, увол қилма, тўхтатиб қўй” демайди.

Тежашни сувнинг қатрасидан бошламоқ керак. “Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур” ёки “Тома-тома кўл бўлур”, деб халқимиз бежизга айтишмаган. Минг йиллар давомида сув ўзбек халқи учун фақат моддий фаровонлик омили бўлибгина қолмай, айни чоғда маънавий юксаклик тимсоли ҳам бўлиб қолди. Тарихий ва маданий қадриятлар билан бир қаторда халқимизнинг ўзига хос анъаналари, хусусан, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш борасидаги тажрибалари ҳам авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолди. Йирик давлат арбоби, буюк саркарда, дилбар шоир, забардаст тарихчи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Китобу-с салат” рисоласида сувни тежаш, уни эҳтиётлаб сарфлаш ҳақида жуда таъсирли, насиҳатомуз шеърлар битган.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”) деб номланган 4 жилдлик хадислар тўпламида келтирилишича, Расуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва саллам) сувни жуда тежаб ишлатганлар. Ўтмишда ота-боболаримиз ариқ ва анҳорлардаги оқар сувни истеъмол қилишарди, чунки ўзанлардан ичишга ярайдиган топа-тоза сув оқар эди. Ҳозирги кунда эса баъзиларимиз хонадон чиқиндилари, ахлатларни тўғридан-тўғри Анҳорга оқар сувларга ағдарамиз. Ўз-ўзидан маълумки, бундай ариқлардаги сувга қўл ювишга ҳам ботинолмайсиз. Чунки бундай сув ниҳоятда ифлосланган ва унда касаллик тарқатувчи микроблар мавжуд. Фахриддин Гургоний ўз давридаёқ сувларни ифлос қилмаслик ҳақида ўта таъсирли, фойдали фикрлар билдириб, шундай мисралар ёзиб қолдирган эди:

Бугун чашма сувни қилсанг агар хор,

Бошқа ичолмассан бу сувдан зинҳор.

Баъзан “сабр косаси” тўлган сув биз одамлардан росман ўч олаётганга ўхшайди.Турли ичак касалликлари, қичишма, тошма, ўсимта, жигар касалликларари, сув аллергияси… Хуллас сувнинг ифлосланиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар ортиб бормоқда. Буни тиббиёт ташхислари ҳам тасдиқлаяпти. Ижтимоий тармоқларда берилган маълумотга кўра Тошкентнинг ҳозирги Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу меҳмонхонаси ўрнида қачонлардир “Уккоша” булоғи тинмай қайнаб чиқган экан. Энди у йўқ, кўзига тупроқ тортилган. “Укоша” булоғининг кўзи ёпилиб, суви чиқмай қолганлиги ёмон, аммо фожиа эмас. Улкан Орол денгизининг қуриши эса фожиа.

Кўпчилик ҳозирги вақтда Орол денгизи муаммоси сув манбаларининг танқсилиги натижасида рўй берди, деб ҳисоблайди. Тўғри, янги ерларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилиши, саноатнинг жадал ривожланиши, янги коллектор ва каналларнинг қазилиши ҳам бу инқироз сувдан самарасиз фойдаланиш, ҳаддан зиёд сув исрофгарчилигига йўл қўйиш оқибатида, десак янглишмаган бўламиз.

Сув – ҳаёт манбаи, уни увол қилишга ҳаққимиз йўқ. Унинг ҳар томчисини авайласакгина юртимизни тўкин сочинлик, ҳаётимизни фаровонлик тарк этмайди.

Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ,

Бухоро вилояти Когон шаҳри