Ромитан Қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи директори вазифасини бажарувчи Нодиржон Жўраев 150 АҚШ доллар миқдорида пора олаётган пайтда Бухоро вилоят ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими тезкор гуруҳи томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Воқеа жорий йилнинг 29 сентябрь куни содир этилди. Ромитан Қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи директори вазифасини бажарувчи Нодиржон Жўраев эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб, таъмагирлик йўлига ўтди. 1989 йилда туғилган фуқаро Умрзоқ Ҳайитовдан унинг турмуш ўртоғи Гулмира Ҳожиевани мазкур коллежга ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига 150 АҚШ доллари талаб қилади. Узоқ вақтдан буён иш излаб юрган Гулмира Ҳожиева бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга мажбур бўлади.
Кимёвий ишлов берилган 150 АҚШ доллари билан жиноят устида қўлга олинган шахс ўз айбига иқрор бўлди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
***
Худди шунингдек, шу куни боғча Бухоро шаҳридаги 87-сонли мактабгача таълим муассасаси руҳшуноси ҳам пора билан қўлга тушди. Мактабгача таълим муассасаси руҳшуноси Зилола Ортиқова Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Зевар Тойированинг фарзандини боғчага қабул қилиш учун ундан 250 минг сўм пора олаётганда ашёвий далил билан ушланган.