Ғиждувон тумани – етти пирнинг муборак манзилларидан бири. Бу ерда Хўжагон тариқатига ҳисса қўшган аллома, буюк мутасаввуф олим, соҳибкаромат авлиё Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний қабри қўним топган.
Ғиждувон тумани ҳокимлиги ушбу зиёратгоҳда кенг кўламли реконструкция, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани ҳамда ҳазрат онасининг даҳмаси топилгани ҳақида маълум қилди.
Билдирилишича, собиқ иттифоқ давридан бошлаб, ҳозиргача бўлган давр мобайнида Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний қабри бир неча бор қайта таъмирланган. Кекса маҳаллий аҳоли томонидан узоқ йиллар олдин улуғ пир қабри яқинида онасининг ҳам даҳмаси мавжудлиги билдирилди. Аниқланишича, она даҳмаси кўмилиб, тошлар остида қолиб кетган. Зиёратгоҳдаги йирик бунёдкорлик ишлари давомида она даҳмаси топилди. Айни дамда она даҳмасини ҳазрат қабри ёнига келтириш ва у ерни ўраб олиш ишлари бажарилмоқда. Бунда пир қабри устидаги айвон олиб ташланиб, бўйи ва эни 25 квадрат метрдан иборат, тўрт томони нақшинкор дарвоза бўлган ҳазира тикланмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаси асосида ҳазрат таваллудининг 915 йиллиги муносабати билан зиёратгоҳда йирик реконструкция ишларини бажариш лойиҳалаштирилган. Қутлуғ қадамжо атрофида 4 гектарли хиёбон барпо этилди, ҳозир суғориш тизимини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Зиёратгоҳнинг ички 2,5 гектар ер майдони ҳам ободонлаштирилди. 12 минг кв.метрли айланма ва бурчакли йўлакларга тош терилиб, зиёратгоҳнинг орт томони узунлиги 285 метрли ғиштин девор билан ўраб олинди. Мақбара олдида эса икки минг кишилик жомеъ масжиди қад ростламоқда. Бундан ташқари, шимол, шарқ ва жануб томонларидан кириш дарвозалари ўрнатилди. Рестоврацияга муҳтож ҳолга келиб қолган Улуғбек мадрасаси ва минорани сайқаллаштириш борасида кечаётган ишлар ҳам жадал. Шунингдек, 50 ўринли ошхона, таҳоратхона ҳамда кушхоналар янгидан қуриб битказилди. Зиёратгоҳда ҳозирга қадар умумий қиймати тўрт миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди.- дейди мажмуа қурилиши пудратчиси “Тошғози қурилиш” ИТҚТ МЧЖ раҳбари Ботир Тошев,- Айтишларича, Абдулхолиқ Ғиждувоний қабри Бухоро хони Абдулазизхон даврида ҳазира билан ўраб олинган. Бироқ, бу деворлар ўтган асрнинг 70-йилларида бузиб ташланган. Бухородаги етти пир зиёратгоҳи кузатиладиган бўлса, барчаси шундай деворлар билан ўраб олинган. Фақатгина Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи очиқ эди. Айни дамда зиёратгоҳнинг олд ҳудуди ҳам 440 метр айланма узунликдаги темир панжара билан ўраб олинди”.
Маълумот ўрнида: Хўжа Абдуҳолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний зиёратгоҳидаги бунёдкорлик ишлари 2019 йилнинг март ойига қадар давом этади.