Бухоройи шарифнинг етти пирларидан бири – Хўжа Али Ромитаний зиёратгоҳнинг умумий ер майдони 10 гектардан иборат. Зиёратга келувчилар учун барча қулайликларга эга икки қаватли 50 кишига мўлжалланган меҳмонхона қурилмоқда. Бу ҳақда Хўжа Али Ромитаний зиёратгоҳи жомеъ-масжиди имом хатиби Отабек Раҳимов маълум қилди.
Жорий йилнинг март ойидан ҳозирга қадар Зиннат Мустафоев раҳбарлигидаги “Зиннатжон-Жаъфар-Зафар” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчилик қилаётган ушбу объект атрофи 365 метр айланма узунликдаги девор билан ўраб олинди. Миллий услубда қурилган айвон, тошқудуқ ва ошхоналар қурилиши якунланди. Қадамжога яқин ҳудуд инфратузилмасини ҳам янгилашга эътибор қаратилган. Чунончи, 4500 квадрат метр асфальт ётқизилиб, пиёдалар қатнов йўлагига оҳактош терилди. 50 та енгил автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Россия Федерациясининг “Romstar” қўшма корхонаси ҳомийлигида объектда 15 метр узунликдаги миноранинг 9 метри қуриб битказилди.
“Улуғ пири комил ҳазратлари Хўжа Али Ромитаний зиёратгоҳида янгидан жомеъ масжиди тикланяпти. Бундан ташқари, 19 метр баландликдаги 2 гумбазли мақбара, кенглиги 13х13 кв.м., 250 куб сув сиғимига эга 2,5 метр чуқурликдаги ҳовуз, 3 гумбазли дарвозахона ва кўркам боғ тез кунларда фойдаланишга топширилади,-деди имом-хатиб Отабек Раҳимов,- Хуллас, зиёратгоҳ тез орада энг кўркам қадамжолардан бирига айланади. Биз ҳам бу хайрли ишлардан четда қолмай, аҳолини, хусусан, ёшларни бу табаррук жойларда ташкил этилаётган ҳашарларга даъват этиб, улар иштирокида улуғ пир Хўжа Али Ромитаний ҳаёти ва маънавий меросига доир суҳбатлар ўтказаяпмиз.
Маълумот ўрнида: Ислом дини қуввати сифатида мусулмон дунёсида эътироф этилган Бухоройи шарифда жаҳон маънавий тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган улуғ етти пир – Абдулхолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари табаррук масканлар саналади. Соҳа мутахассисларининг маълумот беришича, ушбу етти пирнинг ҳар бирини миллий ва замонавий архитектура талабларига тўла жавоб берадиган маҳобатли мажмуа сифатида барпо этиш режалаштирилган.