Юртимиз ёшлари ташаббуси билан жорий ҳафтанинг “Спорт ҳафталиги” деб эълон қилиниши, шубҳасизки, кўпчиликка манзур бўлди. Ҳафталик сабаб таълим муассасалари, маҳалла майдонлари спортнинг барча турлари бўйича ўтказилаётган мусобоқа иштирокчилари билан гавжумдир.
Ҳафталик доирасида Бухоро шаҳридаги “Семург” спорт мажмуасида 2000-йилда туғилган спортчи қизлар ўртасида синхрон сузиш тури бўйича кўргазмали мусобоқа бўлиб ўтди.
-Синхрон сузиш оддий спорт турларидан тубдан фарқ қилади, – дейди иштирокчилардан бири Ситора Набиева. Уни нафақат спорт тури балки, санъат десам ҳам, адашмаган бўламан. Мазкур спорт турига болаликдан ҳавас қилиб, уч йилдан буён шуғулланиб келяпман. Бир вақтнинг ўзида сузиш билан бир қаторда нафис ҳаракатланишни ўрганиш инсондан тинимсиз меҳнатни талаб қилади. Машаққат ила қўлга киритилган ғалаба қадрли бўлганидек, мен ҳам бугунга қадар эришган муваффақиятларимдан руҳланган ҳолда, янада баланд марраларни кўзлаб қўйганман. “Спорт ҳафталиги” доирасида вилоят бўйлаб спортнинг шахмат-шашка, футбол, волейбол, воскетбол, теннис, стол теннис бўйича ҳам мусобоқалар ташкил этилмоқда.