“Ҳорманг пахтакорлар”. Ҳар гал йилнинг айнан мана шу мўл-кўлчилик палласида кенг далалар томон йўл олганимизда, лўппи-лўппи пахталар узра қўллари чаққон ҳаракатланаётган, пешанасида реза-реза тер доначалари мавжланиб, кўзлари қувнаб турган теримчиларни кўрганимизда беихтиёр мана шу жумлани айтгимиз келади. Ўзбекистоннинг серқуёш табиати, мусаффо ҳавоси ила тўйинган пахта жаҳон бозорида жуда қадрлидир. Шу сабабдан ҳам, юртимиз иқтисодиётида ўта муҳим аҳамият касб этувчи оқ олтин – пахтанинг йиғим-терим ишларида доимо алоҳида эътибор қаратилган.
Жорий йилда ҳам йиғим-терим мавсумида кўнгилли фуқароларни жалб қилиш ва бу орқали уларнинг ҳам моддий манфаат кўришларини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Теримчиларга пахта йиғими учун бериладиган тўлов оширилиб, уларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун етарлича шарт-шароит яратилди. Теримчилар орасида ёшларнинг ҳам борлиги эса, кишини янада қувонтиради.
Биргина Бухоро вилоятининг Когон туманида 4 та “Фидойи ёшлар отряди” тузилган бўлиб, уларда 207 нафар маҳаллалардаги ишсиз ёшлар йиғим-терим ишларида жавлон уриб меҳнат қилишмоқда. Бугун мана шундай отрядларнинг бирида концерт дастури ташкил этилиб, фидойи ёшлар учун дастурхон ёзилди. Дастурда сўзга чиққанлар, отряд аъзолари томонидан хирмонга топширилаётган пахта учун миннатдорчилик билдириб, энг илғор ва энг фаол теримчиларга эсдалик совғаларини топширишди.
-Пахта терими мавсумини йил давомида орзиқиб кутаман, – дейди фаол теримчилардан бири Шарофат Жабборова. Сабаби терим орқали ҳам давлатимиз равнақига, ҳам оиламнинг моддий бюджетига ўзимнинг салмоқли ҳиссамни қўша оламан. Жорий йилда ҳам мавсум бошлаганидан бугунги кунга қадар хирмонга 1 тоннаю 460 килограмм пахта топширдим. Мавсум якунига қадар бу кўрсакични рекорд даражага кўтараман.
Энг фаол теримчиларни тақдирлаш маросими концерт дастури билан давом этди.