Бухорода ўтказилаётган “Спорт ҳафталиги”га кунлар ўтган сайин янада кўп сонли ёшлар қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, бугун Вобкент тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қизлар ўртасида спортнинг баскетбол тури бўйича мусобоқа ўтказилди. Унда тумандаги 10дан ортиқ таълим муассасаларининг ўқувчи қизлари фаол иштирок этишди. Мусобоқа давомида нозик хилқат эгалари спорт бобида ҳам эпчил ва чаққон эканликларини яна бир бора исботлашди.
– Ростини айтганда, бугун биринчи марта баскетбол тўрига коптокни тушира олдим, – дейди мусобоқа иштирокчиларидан бири Юлдуз Зиёдуллаева. Мусобоқа ҳақида эшитганимизда, дугоналарим мени ишончсизлик билан жамоа таркибига киритишган эди. Мен эса буни уддаладим. Қолаверса, мусобоқада иштирок этиб, мазкур спортга бўлган қизиқишим янада ортди. Бундан кейин баскетбол билан янада жиддийроқ шуғулланаман.
Мусобоқа қизғин беллашувларга бой тарзда ўтди. Тўпни олиб қочиш, рақибга чап бериш, ғалаба ҳайқириқлари билан якунига ҳам етди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни 2-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 2-ўринни 1-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 3-ўринни 20-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб ҳамда фаол иштирокчиларга туман Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.