Жамшид Ҳайитов болалигидан спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланиб келади. Тажрибали спорт мураббийси Митхат Гарифулиндан олган сабоқлари унинг ушбу кураш тури бўйича юксак натижаларга эришишига муяссар этди.
Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва спорт усталигига номзод Жамшиднинг курашлари ҳайратларни оширмай қўймаган. Ғолиблик шоҳсупасига қўллари баланд кўтарилган кўйи фахру ғурур ила тушган суратларини онаси Ҳалима ая Шарипова бир-бир қўлга олар экан, “Менинг чемпион ўғлим”деб сийпаб қўяди.
- Яқинда ўғлимнинг Америкада бўлиб ўтган “Amerika open oregon grepling chimpionat”да иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, қувончдан кўзларим ёшланди,-дейди ая соғинч билан сўзлар экан.
Билишимизча, Жамшид, нафақат, спортда, балки, ҳунармандчиликнинг бетакрор турлари бўлган чеканкачилик, нақш ўймакорлиги ҳамда каштадўзликда ҳам моҳир уста сифатида шуҳрат қозонган. Ўзининг гўзал санъат асарлари билан Шанхай, Чехия, Прага, Германия, Америка ва бошқа давлатларда бўлиб, халқаро кўргазмаларда иштирок этган. Эътиборлиси, Жамшид бир неча йилдан буён ўз фаолиятини Америкада давом эттирмоқда. Ҳикоямиз қаҳрамони билан телефон орқали суҳбатлашар эканмиз, у:
- Ҳукуматимиз томонидан биз, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар туфайли жуда кўплаб мамлакатларда бўлдим, халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, муваффақият қозондим. Биз ясаган буюмларимизга чет элликларнинг ҳайрат ва қизиқиш билан боқаётганликларини кўриб, ичимга сиғмай кетаман. Албатта, бундан илҳомланиб, фаолиятимда янги-янги ўзгаришлар қиламан. Ҳунармандчиликка берилиб кетган бўлсам-да, спортни ташлаб қўйганим йўқ. Америкада яшаб, фаолият олиб бориш баробарида, бевосита “Team Quest” спорт клубининг ҳам фаол аъзосиман. Тажрибали мураббий Рet Hillдан олган сабоқларим курашнинг sabmission, яъни grepling тури бўйича муваффақиятга эришишимга сабаб бўлди,-дейди.
Дарҳақиқат, Жамшид 85 килограмм вазн тоифасида мазкур чемпионатда иштирок этиб, 6 та рақиб устидан ғалаба қозонди. Тайланд, Америка, канадалик рақиблари ўзбек курашгирининг маҳорати, ирода ва қувватига тан беришганини яширмади.
- Ҳар тонг уйғониб, кунни эрталабки машқлар билан бошлар эканман, албатта, Америка кўчалари бўйлаб Ўзбекистонимиз байроғини ўзим билан ҳилпиратиб югураман. Бу менга куч, қувват бағишлайди. Худди жонажон Ўзбекистоним бошим узра тургандек ҳис қиламан ўзимни. Қанча ютуқ, зафар қучсам, ҳаммаси Ватанимники, онажонимники! Узоқ ўлкада ўзбек ўғлоним бор, деб дуо қилиб қўйса бўлди, онажон халқим,-дейди Жамшид энтикиб.
Бухоро ҳунармандчилик мактабининг истеъдодли вакили ҳамда спорт соҳиби Жамшид Ҳайитов миллатимизга хос азалий одат – меҳру саховат, оқибат туйғуларини қадрлайди. Баъзан Ғарбдаги ғарибона қарашлар устидан миллатимизга хос соф ва беғубор туйғу ва тафаккурни сочгиси келади. Ҳаё, ибо, орият ва ғурур мезонларини сингдиргиси келади. Қалбларга кафтдеккина бўлса-да илиқлик, самимият ва қадр-қиммат уруғларини экиш учун саъй-ҳаракатдан чарчамайди.
Жамшид ўзи сингари Америкада яшаб, турли соҳаларда ишлаётган миллатдошлари билан ҳамжиҳатликда “Ўзбегим – ўзлигим”, “Мен ўзбекман!” мавзусида миллий ҳунармандчилик ривожи, миллий спорт турлари тарғиботи бўйича давра суҳбатлари ҳамда қизғин беллашувлар ўтказиб келмоқда. Тез-тез дошқозонларда ўзбекона миллий таом – палов пишириб, уни махсус озиқ-овқат ташув машиналари орқали болаларга ва муҳтож одамларга беминнат улашиши Жамшиднинг чинакам сахий Ўзбек фарзанди эканлиги яна бир карра англатади.
- Худо хоҳласа, тенгсиз ютуқ, чексиз зафарларим ҳали яна олдинда. Бунда миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотлари турларини ошириб, тарғиботини кучайтириб, худо хоҳласа, моддий жиҳатдан янада бой бўлиб, (кулиб) мамлакатга қайтамиз. Мақсадим жуда катта: болалигимда спорт мактаби очишни, шогирдларим – Ўзбек болаларининг жаҳон ареналарида доимо ғалабалар қозонишини жуда-жуда истаганман. Ўзбекистоннинг бир бўлаги эканман, демак, юрагим ҳам Ватаним, деб уради. Кўзларим қароғида, киприкларим соясида ардоқлайман Ватанимни!-дейди қаҳрамонимиз ғурур билан.
Биз эса Жамшиднинг ўз мақсадларига эришишига ишонамиз. Қаҳрамонимизни сабот ва ишончнинг ўз қўлласин!