“Ёшлар-келажагимиз” –  эртанги кунга йўл!

Ҳозирги кунда интеллектуал жиҳатдан етук ва ижодий салоҳиятли ҳамда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган ёшларнинг ўзлигини намоён этиши, шунингдек, уларнинг муаммо ва ташвишларини ўрганиш, уларни бартараф этиш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Бухоро вилоят истеъмолчилар ҳукуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмаси томонидан бажарилган ишлар ҳам диққатга молик.


– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармон мамлакатимиз ёшларининг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Ушбу Фармон ижросини амалга ошириш борасида вилоятимизнинг барча туманларида штаблар ташкил этилиб, ишчи-гуруҳлар томонидан жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш учун салмоқли ишлар бажарилмоқда,-дейди  вилоят ИХХКЖ бирлашмаси раиси Жаҳонгир Мутахаров,-  биргина Вобкент тумани мисолида оладиган бўлсак, мазкур туманнинг 134604 нафар аҳолисининг 32888 нафари ёшлардан иборат. Улар ўртасида 13442 та сўровнома ўтказилиб, 1998 та муаммолар мавжудлиги аниқланди. Айни пайтда туманда 13 та ишчи-гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унинг таркибида 317 нафар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари бирлашган. Худди шунингдек, Шофиркон туманидаги жараёнлар ҳам қизғин кечмоқда. Дастур ижроси жадаллик билан амалга оширилмокда.


Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ёшларнинг орзу-ўйларини амалга оширишга қаратилган экан,  ишга индивидуал тарзда ёндошиш, келажак масъулиятини зиммага олиш – барчамизнинг бурчимиз.

Учқун Турсунов,
Матбуот-ахборот ва жамоатчилик билан ишлаш сектори раҳбари.