Маълумки, мамлакатимизда фан, таълим, маданият, спорт, санъат, соғлиқни сақлаш, журналистика, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда таҳсил олаётган, фаолият юритаётган, билим ва ташаббуслари билан юксак натижаларга эришаётган ёшлар ҳукуматимиз томонидан муносиб равишда рағбатлантирилиб келинмоқда. Жорий йилдан бошлаб, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган йигитларимизнинг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлангани биз, ёшларга бўлган юксак ишончнинг ёрқин намунасидир.
Бу улкан мукофотнинг илк қалдирғочлари сафида бўлганимдан бахтиёрман. Мен, Пешкўдаги “Ҳамро Раҳмон” чорва фермер хўжалиги раҳбари, шунингдек, “Шуҳрат-маш-сервис агросаховати” масъулияти чекланган жамияти директори сифатида фаолият юритиб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини кўтариш учун бор имкониятларимни ишга солмоқдаман. Бундан бир неча йил илгари бизнес-режам асосида яратилган паррандачилик мини-фабрикаларида қўл меҳнатини енгиллаштирувчи “Орзу-1”, “Орзу-2” ускуналари соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда.
Айтишим жоизки, изланиб, интилишларим менинг қатор нуфузли танловларда ғолиб бўлишимга туртки бўлди. 2013 йилда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика танловида ғолибликни қўлга киритган бўлсам, 2014 йилда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг мамлакат босқичида “Энг фаол ёш тадбиркор” номинацияси бўйича тақдирландим. 2016 йилда эса “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби бўлдим. “Мард ўғлон” эса менинг ўз соҳамга бўлган шижоат ва масъулиятимни янада оширди.
Камтарона меҳнатларимнинг юксак эътироф этилганлиги мени янада янги-янги ихтироларга, кашфиётларга ундайди. “Мард ўғлон” давлат мукофоти эса юрагимга ифтихор туйғусини бахш этиш баробарида, зиммамдаги масъулиятни янада чуқурроқ англатади. Амалга ошираётган ҳар бир инновацион лойиҳам, нафақат, юртимиз ривожига, балки халқаро миқёсида юртимиз нуфузини юксалтиришга хизмат қилса, ўзимни Она Ватанимнинг бахтиёр фарзанди, деб ҳис қилган бўлардим.
“Мард ўғлон” давлат мукофоти кўксимга Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажаги, нурли истиқболи сифатида қадалди. Қайноқ юрагим устидаги уни ҳамиша юрт корига камарбаста бўлишга ундовчи шарафли машъала, десам хато қилмаган бўламан.
Шерзод Раҳмонов,
“Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори.