АЛДАНАЁТГАН МАТБУОТМИ, Ё ЙЎЛОВЧИ?!

Газетамизнинг  №7 (379)-сони(2018 йил, апрель)да “Дамасчи “ГАИ”нинг қорнини тўйғизармиш…” сарлавҳаси остида танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди.

Мақолада кўрсатилган айрим ҳолатлар тўғрисидаги саволларимизга Бухоро шаҳар транспорт депараменти бошлиғи (айни пайтда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи)Шавкат Шодиев жавоб берган эди. Унга кўра, Бухоро шаҳри бўйлаб ҳаракатланувчи барча йўловчи ташиш автобусларида “Қайтимни сўрашни унутманг ёки қайтимни олинг!” деган огоҳлантирувчи сўзлар ёзиб қўйилиши, шунингдек, шаҳар ички транспортлари кира ҳақи 900 сўм эканлиги, қайтимда 100 сўмлик пулларнинг истеъмолда, деярли, топилмаслиги боис, ҳар бир “Ташувчи” корхонага ўзи хизмат кўрсатаётган  банклардан қиймати катта пулларни 100 сўмлик купюра ёки тангаларга алмаштириб, ҳар бир йўловчига қайтимлар қайтарилиши қатъий белгиланганлиги ҳақида тўхталган эди.

Афсуски, амалда бу ишларнинг тўла бажарилмаганлиги, ушбу фикрлар журналист саволларига вазиятдан чиқиш учунгина берилганлиги ўзини намоён этди. Ваҳоланки, жорий йилнинг 1майидан бошлаб амалга оширилиши лозим ушбу ҳолатгаэътиборсизларча қараб келинган.

-Аввалига ҳар бир йўловчидан 100 сўмдан ушлаб қолинарди. Бунга кўндик. Бироқ, ҳар икки йўловчи биргаликда 2000 сўм кира ҳақини тўлаганда ҳам энди 200 сўмлик қайтимнинг ҳам берилмаётгани, автобус ҳайдовчиларининг эса “Аттанг, ҳозиргина тангалар тугади-я”,-деган важ-карсон кўрсатишларини қандай изоҳлаш мумкин?!-дейди 72-йўналиш автобуси хизматидан фойдаланган йўловчилардан бири.

Алданаётган матбуотми, йўловчими, албатта, ҳар иккиси ҳам, деган хулосага келамиз. Сиз нима дейсиз?!

(Мавзуга қайтамиз)