БУХОРОДА КИТОБ БАЙРАМИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимларини ривожлантириш ”, “Китоб мутолааси ва китобхонликни ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида белгилаб қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Китоб байрами” тадбирлари ўтказилди.

Бухорода ҳам Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида китоб байрамида минглаб ёшлар иштироки таъминланди.

Бухоро шаҳридаги ”Сомонийлар” истироҳат боғида сайл тарзида ташкил этилган Китоб байрамида вилоятнинг таниқли адабиётшунос олимлари, шоир ва ёзувчилар, ёшлар иштирок этишди.

– Бугунги кунда ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида жуда кўплаб тадбир, танловлар ўтказилмоқда. Айниқса, “Ёш китобхон” танлови, биз ёшларнинг, ўз билим ва кўникмаларимизни янада оширишга хизмат қилмоқда. Мен ҳам мазкур танловда фахрли ўринни эгалладим.  Бундай тадбирлар китобга бўлган меҳримизни янада орттиради ҳамда маънавиятимизни юксалтиради,-дейди Нодир Нуруллоев.

Мазкур китоб байрамини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, бу китобнинг жамиятимизнинг маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини замонавий тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини кучайтиришдан, адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни интеллектуал ривожланган, жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини чўққиларга олиб чиқишдан иборатдир.

Ушбу жараёнларга гувоҳ бўлган сайёҳлар ҳам катта таассуротларга эга бўлди.

Маркесс Зепп, Германия, саёҳ:

– Мен ҳам китобнинг беқиёслигини жуда яхши англайман. Юртингизда китобхонликка қаратилган бундай катта эътибор ва тадбирлардан жуда ҳам ҳамратдаман. Айниқса, бунда ёшларинингизхнинг иштироки ва фаоллигини кўриб, аниқ айта оламанки, ҳақиқатан ҳам жадал ривожланаётган юртингизнинг келажаги буюк ва у ишончли қўлларда.

Шу куни кўплаб нашриёт уйлари, кутубхоналар ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан турли хилдаги китоблар намойиш этилди. Улар орасида яқинда нашрдан чиққан янги китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Шунингдек, “Бухоро ёшлари” газетаси қошидаги “Парвоз” ёш журналистлар клуби аъзолари томонидан турли викторина ва ижтимоий сўровномалар ташкил этилиб, китоб байрамининг янада қизғин кечишини таъминлади.

Китоб байрами дастуридан турли акциялар ҳам ўрин олди. “Намунали китоб дўкони”, “Энг ёш китобсевар” номинацияси бўйича ғолиблар аниқланди. “Китобим – офтобим” мавзусидаги мушоирада иштирок этган ёш ижодкорлар таниқли ёзувчи, шоирларга ўз ижод намуналарини тақдим этишди. “Китоб  асарлари қаҳрамонлари”ни ўз асарларида акс эттирган ёш рассомлар ҳам Китоб байрамига файз киритишди.

Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодли соҳиблари, вилоят Қўғирчоқ театри ҳамда турли болалар санъат гуруҳларининг “Китобсеварларни куйлаймиз!” номли чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

“Йилнинг энг яхши китобхон мактаби”

Қоровулбозор туманида “Маънавий-маърифий тадбирлар ҳафталиги”қизғин кечди. Ўзбекистон ёшлар иттифоки туман Кенгаши, туман Халқ таълими бўлими ва ахборот ресурс маркази билан ҳамкорликда “Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” кўрик-танлови ўтказилди.

Бунда тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаби иштирокчилари 4 шарт бўйича беллашишди.

4-умумий ўрта таълим мактаби қатнашчилари 1-ўринни қўлга киритишга муяссар бўлди.

Назокат Садриддинова