ҲАРБИЙ ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Қўлда қурол тутган, юз-кўзларида қатъият, ишонч балқиб турган йигитлар навбат билан ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Бухоро шаҳридаги  Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг 9204-сонли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг “Ҳарбий қасамёд” қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.

Сўзга чиққан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳарбий қасамёд қабул қилган ўғлонлар зиммасидаги масъулият, нақадар, улуғвор эканини эътироф этиб, уларга Ватан ҳимоясидек шарафли иш йўлида собитқадамлик тилади.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари томонидан ўз хизмат бурчини ўтаган аскарларга чегара қўшинлари I-ва II-даражали “Чегара аълочиси” кўкрак нишони, олий таълим муассасаларига кириш учун бериладиган тавсияномалар, шунингдек, ота-оналарига миннатдорлик хатлари тантанали топширилди.

Жанговор кўргазмалар, давлат чегараларини қўриқлаш бўйича саҳналаштирилган бадиий чиқишлар намойиши давлатимиз мустаҳкамлигини яна карра исботлади.

Йигитали ҲУСАНОВ.

Зафар Шарипов олган суратлар.