“БУХОРО ҲУНАРМАНДЛАРИ” ФЕСТИВАЛИ

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида ўтказилган фестивалда миллий ҳунармандликни тиклаш, ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Илму маърифати, донишу фузалолари билан донг таратган Бухоро қўли гул ҳунармандлари билан ҳам дунёда якто саналади.photo5350492192763914319

Шариф шаҳарда яна бир тантана кўз очди. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги “Бухоро ҳунармандлари” фестивали шаҳримизнинг туризм ўлкаси эканлигини яна бир карра исботлади.
Лаби Ховуз мажмуасидан АРК қўрғонигача бўлган манзилни фестиваль шукуҳи қамраб олди.  Вилоятимиз ҳамда мамлакатимизнинг турли манзилларидан 200 нафардан зиёд халқ усталари ва ҳунармандлари ташриф буюришди. Миллий маҳсулотларга бой павильонлар тантана жозибадорлигини янада кўз-кўз қилди. Бу, албатта, Бухоро сармоясини юксак даражага кўтаришга муносиб ҳиссадир.

photo5336863355295606775

Фестиваль дастури ранг-баранг бўлди. Таниқли усталар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Бухоролик модельерлар томонидан яратилган коллекекциялар миллий ва замонавийликни уйғунлаштиргани билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Фестивалнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унда мустақил ишлай оладиган ёш усталарга алоҳида эътибор қаратилганидир.

Бундан ташқари, тадбиркор ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилган турли тадбир ва танловлар уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун имкон бўлди. Айниқса, “Энг маҳоратли ҳунарманд” танлови ғоятда қизғин кечди.

 photo5337057973148690455 Teresa Matiento, Испания:

– “Бухоро ҳунармандлари” фестивали менинг Бухорога саёҳатимга тўғри келганидан жудаям хурсандман. Бухоро ҳунармандларидан бебаҳо маҳсулотлар харид қилдим. Қойил. Ўзбекистонликларнинг самимияти, одамларининг қувноқ ва меҳмондўстлиги бизни мамнун этди.

Фестиваль таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Феруза АБДУРАҲМОНОВА