ФИДОИЙ ЁШЛАР – ҒАЙРАТГА ЧОРЛАР

Ҳар соҳада пешқадам ёшлар иттифоқи миллий бойлигимиз саналган пахта ҳосили хирмонини уюшда ҳам ташаббус кўрсатишмоқда.

photo5327994904959363113 Вилоятнинг туман, шаҳарлари маҳаллаларида истиқомат қилувчи  7818 нафар кўнгилли ёшлардан иборат  81 та отряд шакллантирилди. Жумладан, қоровулбозорлик кўнгилли ёшлар 745 нафарни ташкил этса, худди шундай 600 нафар ромитанлик, 1100 нафар ғиждувонлик, 400 нафар Бухоро шаҳрилик йигит-қизлар вилоятнинг юздан ортиқ фермер хўжалиги далаларида пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олишга жалб қилинди. Уларнинг пешона тери эвазига бир кунда 443 тонна пахта ҳосили хирмони уюлмоқда. Бу, албатта, “Фидоий ёшлар отряди”нинг бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини бойитишда муносиб улуш қўшаётганини англатади.

Бир гуруҳ кўнгилли ёшлар хирмон уяётган Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Жавоҳир-Ойбек” фермер хўжалиги далаларида бўлдик. Терим авжида. Улар шу кунга қадар фермер хўжалик аъзолари билан ҳамжиҳатликда 70 тоннадан зиёд пахта ҳосили йиғишган.

– “Фидоий ёшлар отряди” ташаббуси билан мавжуд 48,5 тонна пахта ер майдонларининг 31 гектаридан  биринчи ҳосил йиғиб-териб олинди. Ёшларнинг шижоати, ғайратига кўз тегмасин. Ўз ўрнида, биз ҳам улар учун қулай шарт-шароит яратиб, пахта пулларини ҳам ҳар икки кунда тарқатаяпмиз! – дейди фермер хўжалик раҳбари Шермат Ражабов.

Сўлим шийпонда кўнгилли ёшлар учун барча шароитлар мавжуд. Ётоқхона, ошхона, ювиниш хоналарида имкониятлар муҳайё. Уч маҳал иссиқ овқат улашишади. Ҳар куни оқшомда вилоятнинг таниқли хонандалари ташрифида ташкил этиладиган концертлар уларнинг маданий ҳордиқ онларини янада завқли ўтишини таъминламоқда.

-Тўғриси, аввалига “Фидоий ёшлар отряди”га ёзилишга иккиланган эдим. Аммо, отрядга мендан сал илгари аъзо бўлган  қўшнимиздан бу ерда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида эшитдиму, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олот тумани Кенгашига мен ва синглим Гулзодани ҳам “Фидоий ёшлар отряди”га қўшишларини сўрадим. Мана, бугун илғорликни қўлдан бермай, бир кунда 100-140 килограммгача пахта теряпмиз. Пахта пулидан ташқари, рағбатлантириш мукофотларига ҳам эга бўлдик. Тенгдошларимиз орасида “Энг илғор теримчи” номинацияси билан тақдирландик. Ўзимиз ҳам, ота-онамиз ҳам хурсанд,-дейди олотлик Гавҳар Бешимова.

photo5327994904959363114Дарҳақиқат, йиғим-терим мавсумида ёшлар би­ла­гидаги кучни, юрагидаги ўтни “оқ олтин”ни йи­ғиштириб олишга сарфлашмоқда. Пахтазорларда ма­тонат кўрсатиб, меҳнат қила­диган теримчи ва ҳашар­чи­лар­нинг меҳнатларини қадрлаб, рағ­батлантириш давлатимизнинг биринчи галдаги вазифасига ай­лан­­ган. Мавсум жараёнида му­собақалар уюштирилиб, ғолиб­лар рағбатлантириб борилмоқда. Шофирконлик Дилнавоз Раҳмонова, Сирожиддин Тўхтақулов, олотлик Зиёда Рўзиева,  ғиждувонлик Умиджон Нуриддинов, Сарвиноз Орзиқулова, Дилафрўз Ашурова каби кўнгилли ёшлар теримчилар ўртасида мусобақалашув асосида ўтказилган беллашувларда “Энг интизомли теримчи”, “Энг қувноқ теримчи”, “Энг яхши отряд раҳбари” каби номинацияларни қўлга киритишди. Илғор теримчиларнинг пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланаётгани уларнинг ташаббусни қўлдан бой бермасликка ундамоқда.

-Мен сувчи ва механиза­тор­ларнинг кечани-кеча, кундузни-кун­дуз демай қилган меҳ­натлари эвазига етиш­тирилган “оқ ол­тин”ни ёғин-сочинли кунларга қол­дирмай, териб олиш учун ёрдамга келдим. Пахта теримига ҳисса қўшишни ўзимнинг бурчим, деб қабул қилдим. Терилган ҳар бир килограмм пах­та учун 450 сўм белгилангани, уни ҳам шу куни кечда ҳи­соб-китоб қилиб, пулини тарқатаяпти.  Бир кунда бир киши ўртача 80-100 килограмм пахта терса, 40 000 сўм даромад, дегани-ку! Уни 10, 20 кунга ёки бир ойга ҳисобласангиз, ота-онамизга қанча кўмак келтирган бўламиз. Буни маҳаллаларда бекор юрган бошқа тенгдошларимизга ҳам етказишимиз керак, -дейди ғиждуволик Муниса Саноева.

Ҳа,  шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди, деб билган “Фидоий ёшлар отряди” аъзолари ўз давлати, халқи олдидаги, жамият олдидаги бурчини адо этиши керак. Хирмонга тўкиладиган ҳар бир килограмм пахта сизу бизнинг ору номусимиз эканлигини унутмайлик!

“Фидоий ёшлар отряди”нинг илғор теримчиларига ҳамкор ташкилотлар томонидан телевизор, чангютгич, дазмол, телефон, электрон иситгич ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

Фидоий ёшларга ғайрат, шижоат ёр бўлсин!