ҲАРАКАТДА ГАП КЎП

Фаол етакчи – “Камолот”га кўмакчи

Бухоро Автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежига бориб, “Етакчи борми?”, “Нега кўринмайди?!”, “Ишлар бунча ўлда-жўлда?!” деган саволларга ҳожат қолмади. “Э, яшанг, баракалла!” деб қайтдик. Бошланғич ташкилот етакчиси ўқув муассасасининг кечаги югурдаги эмас, балки чин, ҳақиқий маънодаги лидерига айланиб улгурган.

2-бетга Харакатда гап купгаКичиккина жуссали, тиниб-тинчимас Маҳбуба Қурбонованинг бошланғич ташкилот етакчиси этиб сайланганида уни бутун жамоа бир овоздан қўллаб-қувватлаганди. Ўзининг ғайрат-шижоати билан жуда қисқа фурсатда таълим муассасаси бошланғич ташкилоти фаолиятини ҳавас қиларли даражада юксалтира олди. Унинг ташаббуси билан бошланғич ташкилотнинг ташкилий тузилмасидан тортиб, Ҳаракат фаолиятини тарғиб этувчи манбалар ҳам ўқувчи-ёшлар кўра оладиган жойларда ўрнатилиб, кўргазмали воситалар билан бойитилди.

Шинам ва ёруғ, иш шароити яратилган бошланғич ташкилот етакчиси хонаси ҳамиша йўналиш сардорларию ўқувчи-ёшлар билан гавжум. Хона бир бурчаги ёш рассомлар асарлари билан безатилган бўлса, иккинчи бурчагига ўқувчи-ёшларнинг қўл ҳунарлари маҳсули чирой бағишлаб турибди. Қўли-қўлига тегмай ўз ишида давом этаётган етакчи:

  • Опа, айни кунларда таълим муассасамиз Ўқувчилар турар жойида таъмирлаш ишлари кетаётгани боис, бугун бошланғич ташкилотнинг ўқувчилар турар жойидаги 7 нафар Сардорлар кенгаши билан вақтинча ижарада туриб, таҳсил олаётган ёшлардан хабар олиш мақсадида “Биз Сен билан!” лойиҳасини ишлаб чиққанмиз. Лойиҳамизга қўшилинг!-дея ўз ташаббуси билан амалга оширилган ишларининг ҳисоботларини қўлимизга тутқазди.

Қайсар. Ўжар. Жўшқин.

“Мен соғлом боламан”, “ОИТС ва гиёҳвандлик давр муаммоси”, “Биз сиз билан фахрланамиз!”, “Камолот”-менга таянч!”, “Одам савдоси – иллат!”, “Камолот ва ёшлар” мавзусида блиц-сўровлар каби ўттиздан ортиқ янгидан-янги лойиҳалар билан бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириб келаётган Маҳбуба Қурбонова иқтидорли, истеъдодли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш учун уларни гоҳда телевидение ва радио, газета-журналлар таҳририятию, гоҳда маданият ва санъат даргоҳларига етаклаб боришдан чарчамайди.

Феълида жўшқинлик, шижоат ва ғайрат тўла бошланғич ташкилот етакчиси чапаничасига айтадиган бўлсак, ёшлар талаб-истаги учун иккиланмай, сўзини ўтказа оладиганлардан.

       – Маҳбуба юрагида ўти бор қиз. Керак бўлса, эшикни тепиб кирадиганлардан,-мийиғида кулиб сўзлайди коллеж директори Мақсуд Холов,- ўқувчи-ёшлар тақдири, уларнинг талаб-истаги учун тинчидан кечадики, йўлидан қайтмайди. Фидоийлиги учун ҳам унга ишончимиз юқори. Муҳими, ишончни оқлай олади. “Камолот” сафи ана шундай “Мен ишлайман”, “Лаббай!” деб турган ёшлар билан кенгайса, ёшлар ташкилотидаги айрим кўзга кўринган оқсоқликлар бартараф бўлади. Бошланғич ташкилот кўпминг сонли ёшларнинг эртаси учун муҳим пойдевор экан, етакчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам, рағбатлантириш ҳам зиммамизда.

Дарҳақиқат, ҳар бир бошланғич ташкилот етакчиси жонфидолик билан ҳаракатда бўлиб, зиммасидаги масъулиятни чуқур англаса, ўз ўрни ва салоҳиятини қўя олса, корхона ва ташкилот, муассаса раҳбари ҳам унга ёндошади, қўллаб-қувватлайди. Ҳаракатнинг ҳар бир бошланғич ташкилотида самарадорлик  шундай олға силжисагина ёшлар барча соҳада излаган имкониятни топа олади. “Камолот”нинг туб моҳияти ҳам шу!

Кутилмаган “сюрприз”

Бошланғич ташкилот етакчиси билан хайрлашиб, хонадан чиқар эканмиз, шу пайт қўнғироқ жиринглади. Телефон гўшагини олган қизнинг кутилмаганда қувончдан қичқириб юборгани ҳайратимизни оширди.

-“Камолот” Уйи”га эга бўлибмиз!”- қувончдан худди сакраб юборгудек сўзлаган бошланғич ташкилот етакчисини бу хушхабар билан чин дилдан табрикладик.

Ҳа, “Камолот” ўзининг чинакам фидоийларини ана шундай кутилмаган “сюрприз”лар билан сийлайди!

Лайло ҲАЙИТОВА