Етакчи, деганда, албатта, кўз олдимизда фаоллик ва ташаббускорлиги билан ёшлар орасида ўзини намоён этадиган, жамоанинг манфаатларини бирлаштирадиган, бошқаларни аниқ мақсад сари етаклай оладиган ҳамда бунинг натижасида жамоа ишончига эришган шахс намоён бўлади.
Хўш, бугунги кунда Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотларида фаолият олиб бораётган етакчилар ана шундай хусусиятларга эгами? Улар ёшларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондира олаяптими? Бошланғич ташкилот етакчисининг ёшлар ҳаётидаги ўрни қандай? Мана шундай саволларга жавоб олиш мақсадида Бухоро Давлат университети қошидаги 1-академик лицейида бўлдик.
“Бармоқ изи”
Бухоро Давлат университети қошидаги 1-академик лицейининг кираверишдаги катта ва кенг зали. Соат 09:10: ҳамма ўз иши билан банд. Қайси ўқитувчи дарсга кирмаган ўқувчисига танбеҳ бераяпти, кимдир синфга ошиқаяпти, яна кимдир ёнидан шўхлик қилиб ўтиб кетаётган ўқувчига парво қилмай, телефони орқали дарсга келмаётган ўқувчисини чақириш билан банд. Аммо, бизни, негадир, бир нечта ўқувчиларнинг кечикиб бўлса ҳам кириш эшиги олдидаги биометрик давомат назорат тизимидан бир-бир ўтиб, яна ортга қайтиб кетаётгани ўзига жалб этди:
– Домла, ҳозир репетиторим кутяпти, курс бошланади. Кечикиб қолишим мумкин. Кетаверсам, майлими?-дейди шоша-пиша ўқувчи бармоғи изини махсус аппаратдан ўтказар экан.
– Ҳа, майли, эҳтиёт бўл, аммо дарслар тугаган соатда яна бармоқ изингни қолдириб кетишни унутма!-тайинлайди домла…
Ўйлаб қолдик: академик лицейлар ўқувчиларни олийгоҳларга тайёрловчи муҳим пойдевор бўлса, нега ўқувчилар яна бошқа манзиллардан “ёлланган” репетиторлар сари ошиқишади?! Изоҳга ҳожат йўқ. Асли мақсадимиз биометрик давомат назорат тизимидаги аҳвол билан эмас, балки Ҳаракатнинг бошланғич ташкилот фаолияти билан танишиш эканлиги учун ҳам бу ердан узоқлашдик.
“Тақ-тақ”: етакчи қани?!
Дуч келган ўқувчидан “Камолот” хонасини ва бошланғич ташкилот етакчисини сўрадик. “Билмадик” ишораси билан елка қисган бир нечта ўқувчилар бир-бирларига: “Бошланғич ташкилот, дегани нима ўзи?!”, “Етакчи, манимча, “камолот”чи бўлса керак?”-дея шивирлашиб кулишганча кетишди.
На илож. Директор хонаси томон йўл олдик. Академик лицей директори Хурсанд Шукуров хонасининг эшигини қоқдик. У киши билан суҳбатлашар эканмиз, бошланғич ташкилот етакчисининг таълим муассасасида 0,5 штат бирлиги асосида фаолият кўрсатиши боис, фақатгина дарс соатлари белгиланган кунлардагина келишини ҳамда унинг бошқа ташкилотда ҳам қўшимча равишда ишлашини билдирди. Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексига мувофиқ, ҳар бир фуқаро асосий иш жойидан ташқари, бошқа корхона ёки ташкилотда ҳам ўриндошлик асосида ҳам ишлаши мумкин. Лекин унинг зиммасига бошланғич ташкилот етакчилиги ҳам ишонч билан юклатилсаю, аммо натижаси ҳақида ўйланмаса, ачинарли.
Ана холос!
– Бошланғич ташкилот етакчиси хонаси айни пайтда “Маънавият ва маърифат” хонасида жойлашган,- деди лицей директори ва қўшиб қўйди,- етакчи томонидан анча-мунча ишлар бажарилган. Тадбирлар ўтказиб турибди. Унинг фаолиятига оид иш ҳужжатлари ҳам ўша хонада. Чақиртирдим, ҳозир етакчининг ўзи етиб келади!
– Йўналиш сардорлари билан ҳам талайгина ишлар амалга оширилгандир, унда?-сўраймиз.
– Албатта! 14 нафар йўналиш сардорлари билан суҳбатлашинг!
– 14 нафар?! – беихтиёр ҳайрон қолдик. Ҳаракатнинг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасидаги бошланғич ташкилотлар ташкилий тузилмаси 8 та йўналишдан иборат бўлса, директор нимани назарда тутаётган бўлиши мумкинлиги бизни ўйлантирди.
Ҳаял ўтмай, директор хонаси кутиш залида 14 нафар йигит-қизлар тўпланишди. Ана холос, директор айтмоқчи, бу ўқувчи-ёшлар бошланғич ташкилот йўналиш сардорлари эмас, балки, таълим муассасасида мавжуд гуруҳ сардорлари экан. 2-босқич ўқувчиси Мафтуна Маъмуровадан бошқа сардорлар ёшлар ташкилоти тўғрисида, деярли, маълумотга ҳам эга эмас. Бундан ташқари, бир нечта синф хоналарда бўлдик, ёшлар билан суҳбатлашдик. Натижа эса ачинарли: кўпчилик етакчини танимайди, “Камолот”ни билмайди. Бунга эса ким айбдор: Ҳаракатнинг маҳаллий Кенгашими, таълим муассасасими, бошланғич ташкилот етакчисими ёҳуд ёшлар?! Албатта, уларнинг ҳар бири масъулиятсиз, бепарво, ўз ишига лаёқатсиз бўлмаса, муаммолар бу қадар қалашиб кетмайди.
Бурчакда “скотч”ланган “Камолот”
…Соат 10.40. Орадан шунча вақт ўтса-да, лицей директори “чақиртирган” бошланғич ташкилот етакчисидан дарак йўқ. Таълим муассасаси деворий воситаларининг бирортасида ҳеч бўлмаса, “Камолот” ёзуви туширилган тарғибот кўргазмасини учратмадик.
– Йўқ! “Маънавият ва маърифат хонаси”да бор!-деди лицей директори. Директор ортидан эргашдик.
Дарҳақиқат, директор адашмаган эди. “Маънавият ва маърифат хонаси”даги досканинг орқа табақасида “Камолот” тадбирлари рўйхати туширилган кўргазма “скотч”лаб қўйилган экан.
– Ҳеч бўлмаса, бор эканку, деб қўйдик,- аччиққина қилиб.
Хўш, “Камолот”нинг хонасизлиги, “Маънавият ва маърифат хонаси” бурчагидаги доска ортида “беркиниб” қолиши, техник жиҳозлар билан таъминланмаганлигига сабаб нима? Бир неча ой илгари вилоят ҳокимининг “Камолот” фаоллари билан учрашувида, айнан, таълим муассасаси раҳбарларига қарата: “Белгиланган муддатда етакчига хона ажратилмас экан, ўз хонангизни “Камолот”га бўшатиб берасиз!”-деган таъкиди қаерда қолди?!
“Мажбурий”лик бор, масъулият йўқ
…Соат миллари 11.15лар атрофида. Суҳбат чоғида хонага кириб келган йигитни “Бошланғич ташкилот етакчиси Шамшод Тошев” деб таништиришди. Етакчи билан суҳбатлашар эканмиз, у қарийб 1, 5 йилдан буён етакчилик қилиб келаётгани, бу вазифа унинг зиммасига қўшимча равишда юклангани, Ҳаракат йўналишида амалда ҳақиқатан иш бажариб келаётган бўлса-да, лекин улар тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар киритиб бормаслигини, умуман, мажбуран “камолот”чилик қилиб келаётганини билдирди.
Тадбирларни ўтказишда зарурат туғилганда ўз чўнтагидан маблағ сарфлаб, бошланғич ташкилот ҳисобидан қўшимча “ҳақ” олмай келаётган етакчига нима ҳам дердик?! Устига-устак, директор ҳам Шамшод Тошевнинг зиммасига бошланғич ташкилот етакчилигини юклагани ҳақида ҳеч қандай баён тақдим эта олмади. Раҳбар ўз ишига бефарқларча қўл силтаб қўйган экан, етакчидан нимани кутиш мумкин?! Етакчи бошланғич ташкилотга мажбуран “ёлланган” экан, ҳеч бўлмаса, раҳбарнинг ўзи ҳам талаб ва масъулиятни ҳис эта олиши зарур, бизнингча.
– Бошланғич ташкилотингизда аъзолар сони неча нафар?
– 15 нафар!
Мана сизга бошланғич ташкилот етакчисининг жавоби!
– Ним-ма?! – кўзларимиз косасидан чиққудек бўлиб ҳис-ҳаяжонимизни яшира олмадик. Донг қотдик. На кулишни, на йиғлашни биламиз,– Айни пайтда лицейда 411 нафар ўқувчи таҳсил олишини билдиришди… Қайдлар журналингиз бордир ҳеч бўлмаса..
“Етакчининг фаолиятига оид иш ҳужжатлари “Маънавият ва маърифат хонаси”сида!”-дея бизни гўё авраб турган лицей директорига савол назари билан қараганимиз жавобсиз қолди. Аммо, етакчига бир таълим муассасидан иккинчи таълим муассасасига кўчган ўқувчи-ёшларнинг бошланғич ташкилот етакчилари томонидан ёшлар ташкилотига аъзолигини кафолатловчи қайдлар дафтари қандай юритилиши лозимлигини бир-бир тушунтирдик. Етакчи ҳам бу ҳақда биринчи марта эшитаётганини яширмади… Албатта, бунда етакчини айблаш ноўрин!
Ким айбдор?
Савол туғилади: 2001 йилда ташкил топган Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотлари нега ҳали-ҳалигача ривожланишга юз тутмаяпти, нега етакчилар ўз вазифаларининг нималардан иборатлигини билишмайди? Бунда айбдор ким?! Айрим Ҳаракат Кенгашлари томонидан исталган ёш кадрнинг (истаги ёки хоҳишини инобатга олмай) бошланғич ташкилотга етакчиликка сайлаб қўйилгани, улар билан доимий тарзда семинар-тренинг, ўқув-машғулотлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмагани, уларнинг билим салоҳиятини ошириш, тажриба алмашишини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар белгиланмаганлиги ана шундай оқибатларни келтириб чиқаришга туртки бўлмоқда. Бошланғич ташкилот етакчилари олдида турган муаммо – улар фаолиятига аксарият ҳудудий Кенгашлар ҳамда муассаса раҳбарларининг панжа ортидан қарашаётганидир. Хоҳ ўз хоҳиши, хоҳ жамоа истаги билан сайланган бўлсин, бошланғич ташкилот етакчиси кези келганда, ўзи англамаган ҳолда, албатта, кўп сонли ёшлар келажаги учун заҳмат билан куйиб-пишади. Қайсики, у қўллаб-қувватланмас, рағбатлантириб борилмас экан, бу лоқайдлик – панд бераверади!
Лайло Ҳайитова