ХАТАР

Лақманинг калласи тарози палласига қиёс. У ким нима қўйса, ўша томонга оғади. Лақманинг ўз фикрига эга эмаслиги, ўз қараши йўқлиги, албатта, тарозибонга қўл келади. Лоқайд одам учун эса дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам, қавму-қариндошу, бегонанинг ҳам аҳамияти йўқ. Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда лақмалик ҳам, лоқайдлик ҳам жамиятга, тинч-осуда ҳаётга, хавфсизликка зарар етказади.

Ҳикоямиз “қаҳрамон”и: Аскар Собиров – 1981 йилда Ромитан туманида туғилган. Ўрта маълумотли, оилали, 3 нафар фарзанди бор. Муқаддам унга нисбатан жиноят иши бўйича эҳтиёт чораси сифатида сиртдан “қамоқ” жазоси қўлланилган.

Мўмай даромад топиш илинжида Россия Федерациясининг Петропавловск-Камчатск шаҳрига бориб, қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган ромитанлик Аскар Собиров бўш вақт топдим, дегунча спиртли ичимликлар ичиб, вақтичоғлиқ қиларди. Унинг вақтичоғлиги аввалига, рўжўга, кейин эса тобеликка айланди. Шундай кунларнинг бирида у ҳамюрти Ҳайдар Эргашев билан танишиб қолади ва унга сўзсиз эргаша бошлайди. Намозхонликдан яхшигина хабари бор Аскарга Ҳайдарнинг “амри маъруф”лари, айниқса, “жиҳод”, “шаҳидлик” ва “ҳижрат”ни тарғиб қилувчи ғоялари маъқул кела бошлайди.

Ҳайдар Эргашев – “Исломий жиҳод иттиҳоди” диний экстремистик оқими раҳбари. “Каменск-Уральский жиҳодий жамоати” аъзоси. Сепаратистик, фундаменталистик ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маъруза, эслатма ва қўшиқлар  тарғиботчиси. Халқаро террористик ташкилотлар бирлашувидан ташкил топган “Ироқ Шом Ислом Давлати” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилиш, махсус ўқувдан ўтиб, қуролли гуруҳлар билан Ироқ ва Сурия давлатларига террорчилик ҳаракатларида иштирок этиш ва бутун дунёда ислом давлатини қуришни режалаштириш жиноятини содир қилган.

Аскар Ҳайдарнинг тузоғига хамирдан қил суғиргандек осон илинади. Чунки Ҳайдар одамларнинг диндорлик туйғуларидан фойдаланишни жуда яхши биларди. Бундайларни бир марта моддий қўллаб-қувватлаб “сигнал” берса, тамом-вассалом, дини ва Ватани тайинсиз йигитлар ота-она ва оила тугул, ўзлари туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишга тайёр туришади. Аскар ҳам худди шундайлар тоифасидан эканлигини Ҳайдар тушуниб етганди. Ва албатта, унга худди шундай манқуртлар зарур эди.

Аскар ўзига араб алифбосини ўргатиб, диний илм ва амаллар билан онгу шуурини забт этиб олган Ҳайдарни устоз сифатида қабул қилиб, унинг этагига, ҳатто, намоз ўқишга ҳам тайёр кимсага айланди. У Ҳайдарнинг йўриғига кириб, диний илмлар оламига, аввало, яқин биродарларини даъват этишга аҳд қилди. Аскар Ромитан туманида яшаб келаётган божаси Фахриддин Тўхтаев, ўз акаси Аъзам Собиров, турмуш ўртоғи Маҳбуба Собирова, жиянлари Рўзимурод Қурбонов ҳамда Маҳфуза Қурбонова, Суҳроб Солиевлар, синфдоши Носир Наврўзовларни ҳам Россия Федерациясига “иш”га чақиради. Яқин қавмлар даромадли қурилиш ишларига жалб қилинишади.

Бироқ, яқинларининг беш вақт намозни тўлиқ ўқий олмаганликлари, диний илмларга ён бермаётганликлари Аскарга ёқмайди. Секинлик билан улар қалби ва шуурига таъсир кўрсата бошлайди. Уларни Камчатка шаҳри, “Бохнияка” кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган мусулмонлар масжидида намоз ўқишга чорлайди. Бунда имомлик қилувчи тожикистонлик Наим Муҳаммад билан уларни таништиради.

Кўнглида ғайир мақсадни тугиб олган Аскар жияни Суҳроб, синфдоши Наврўз  ҳамда божаси Фахриддинни имом ихтиёридаги ижара уйда қолдириб, қолганларни ўзи билан бирга олиб, яна ортга – Петропавловск-Камчатскка қайтади.

“Бохнияка”да улар Ҳайдар Эргашевнинг жияни Наим Нусратовга рўпарў бўлишади. Наим ҳам тоғасининг “илм”ини олганлар тоифасидан эди. Наим Муҳаммад ҳамда Наим Нусратовлар қурилиш ишларидан толиб қайтган йигитларни ҳар жиҳатдан сиқувга олишар, ҳуқуқларини таъқиқлашар, қилган ҳар бир ҳатти-ҳаракатларидан камчилик топишиб,  диний амалларни бажаришга жуда қаттиққўллик билан даъват этишар эди.

Ачинарлиси, Аскар Собиров бу орада ўз опаси Гулсанам Янгиева, жияни Кумушой Ёриқулова, шунингдек, яна яқин қариндошлари Феруз Янгиев ҳамда Анвар Жумаевларни ҳам Россия Федерациясига “иш”га келишларини таъминлашга улгурган эди. Яқин қавмлар бегона юртдаги қатъий тартибда ўрнатилган диний муҳитда қийин-қистов билан яшашга мажбур бўлишади. Аёллар ҳижоб кийишга, йигитлар намоз ўқишга мажбурий ёндошадилар. Диний муҳитнинг сурункали таъсири остида қолиб кетаётган, Хайрулла Ҳамидов, Фозил қори, Азизхўжа, Қобил қори ва бошқа шахсларнинг ўзбек тилидаги диний маъруза ва ношираларини, интернет тармоғи орқали диний мазмундаги материалларни  ўқишга, видеороликларни томоша қилиб, маърузаларни муҳокама қилишга руҳий зўриқиш орқали сингиб бораётган яқинларининг тақдири Аскар Собировни мутлақо қизиқтирмайди.

Орадан кўп ўтмай, Ҳайдар Эргашев “сирли” равишда кўздан ғойиб бўлади. Кунларнинг бирида Аскар жияни Суҳробга Камчаткадаги “Рай файзен” банкидан “Золотая корона” пул ўтказиш тизими орқали Ҳайдар Эргашев номига 1000 АҚШ доллари жўнатишини буюради. Ҳар доим  Ҳайдар ва Наимларнинг қадам босишида аллақандай хавф сезаётганини тоғаси Аскарга айтавериб чарчаган Суҳроб у шахсга нима мақсадда маблағ жўнатаётгани сабабини суриштирмайди, ҳатто. Муҳими, Ҳайдар кўринмайди. Тинчгина ишлаб, ўз даромадларини топишса, бас. Афсуски, бир йилча ўтар-ўтмас Суҳроб тоғаси билан бўлган суҳбатда саросимага тушиб қолади: Ҳайдар Эргашев номига Суҳроб Солиев томонидан жўнатилган маблағ Сурия ва Ироқда жиҳод қилаётган мусулмонларни моддий таъминлашга йўналтирилган эди…

Ўз яқин биродари бўла туриб, бошига шундай кулфатларни солган  тоғасидан, устига-устак, Ўзбекистонда ўзини жиноий жавобгарлик кутаётганидек машъум хабарни эшитган Суҳроб жаҳл отига минади. Бир пайтлар спиртли ичимликларга рўжў қўйиб, бугун гўё “уламо”га айланган Аскар ёнаётган оловни ўчириш “адаби”ни қойиллатиб қўйиш сабоғини ҳам яхшигина эгаллаган эди. У Суҳробга қўл телефони орқали интернет тармоғидан Сурия ва Ироқдаги жангларда туширилган мусулмонларнинг аянчли фотосуратлари ва видеороликларини кўрсатиб, мусулмонлар жиҳод қилаётганлигини, уларга моддий кўмак зарурлигини, Ҳайдар ҳам, айнан, Сурия ва Ироқ давлатига жиҳод учун  кетганлигини, ачинарлиси, унга жиянининг қўли билан маблағ жўнатганини билдиради… Бузғунчи мафкуравий гуруҳлар таъсирига тушиб, ўз инсоний фазилатларини йўқотган, бегоналар қатори ўз яқин қавмлари тақдирига ҳам қора доғ туширишдан тап тортмаган манфур кимса диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш жиноятини содир этишда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси бўйича жазо қўлланилди.

      Ақл бўй билан эмас, ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина тинчликнинг, мустақил давлатнинг қадрига етади. Йўқса, ҳикоямиз “қаҳрамон”и сингари умрининг охирига қадар эл-улус, хешу тоборлар орасидаги хатар, Ватан кўксидаги доғ бўлиб қолаверади.

Маҳмуд АРИПОВ,

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси.