ОЧИҚ, АММО АЧЧИҚ…

Ҳаракатнинг Бухоро вилоят Кенгаши йиллик иш фаолиятига назар ташланса, ўтган 2016 йил давомида жами 4302 та тадбир ташкил этилиб, 1160792 нафар ёшлар қамраб олинган. Шундан 1726 таси ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, 926 таси маънавий-маърифий, 487 таси ижтимоий-иқтисодий соҳага йўналтирилганини, ушбу тадбирларнинг 605 таси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга, 768 таси эса спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилганини кузатиш мумкин. Бу кўрсаткичлар, албатта, Ҳаракат Кенгашининг ёшлар орасига шунча маротаба кириб борганини кўрсатади.

Хўш, гап тадбирлар сонининг ўтган йилгилардан фарқли ўлароқ ошиб борганидами, ёки ўтказилган ушбу тадбирларнинг ёшлар ҳаётига нечоғли салмоқли натижа берганидами? Албатта, фикримизнинг иккинчи жиҳати ҳақиқатга яқинроқ. Яширмаслик керак, тадбирларнинг қай даражада муносиб ташкил этилгани ёки номигагина ўтказилганига, шунингдек, ёшлар ташкилоти етакчи раҳбарларининг қандай ишлаши, вазифасига нечоғли масъулият билан ёндошгани – буларнинг барчасига ёшлар баҳо беради. Ёшлар орасига кириб бориш учун турли тадбир ва лойиҳалар орқали амалий ишлар бажарилган, аммо натижа кутилгандек эмас. Йил Дастури фаолияти юзасидан мамлакатимиз ёшлар ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар рейтингида ҳам вилоят Кенгаши охирги ўринни эгаллаб турибди.

IMG_20170227_190611

Йил якунлари бўйича очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида бўлиб ўтган Кенгаш йиғилишида ушбу масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

– Ҳаракатнинг Бухоро вилояти Кенгаши ниҳоятда катта базадан нега оқилона ва унумли фойдалана олмади? Қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятларнинг кўпминг сонли ёшлар ҳаётидаги ўрни қандай? Айтиш мумкинки, вилоят Кенгаши томонидан ўтган даврда ўтказилган айрим тадбирлар ва хайрли ташаббуслар билан кутилган натижаларга эришилмаган. Уюштирилган тадбирлар ёшлар эҳтиёжидан келиб чиқиб тузилган бўлса-да, тадбирларнинг бир нуқтада қотиб қолиши улар таъсирчанлигини анча сўндириб юборган. Тарбияси оғир болалар билан ишлаш самарадорлиги паст. Ёшларнинг хорижга иш излаб кетишлари ўтган йилгилардан юқори. Биргина Бухоро шаҳри мисолида оладиган бўлсак, 2016 йилда 8871 нафар ёшлар иш излаб турли хориж давлатларига чиққан, бу кўрсаткич 2015 йилда 6500 рақамини кўрсатиб турибди. Худди шунингдек, Когон шаҳридан 1500 нафар, Қоракўл туманидан 2130 нафар, Ромитан туманидан 5500 нафар ёшлар иш билан бандлиги таъминланмагани боис, улар хориж давлатларига чиқишган. Ҳаракатнинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятидаги оқсоқликлар ва эътиборсизликлар ёшларнинг иш билан бандлигининг таъминланмай қолиши, уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг етарли даражада ташкил этилмагани, шунингдек, “Бунёдкор” ёшлар меҳнат отрядига ёшларни жалб этиш салмоғининг пасайгани каби қатор муаммоларнинг ошиб кетишига сабаб бўлган. Демак, асосий сабаб жамоа билан ишлай олмаслик, режаларни пухта ишлаб чиқмаслик, масъулиятни чуқур ҳис этмасликдир. Ёшларни боқимандалик кайфиятидан тамоман олиб чиқиш, уларни бефарқлигу эътиборсизлик, сиёсий ва ижтимоий жараёнларга бепарволик каби иллатлардан халос этишда “Камолот” ёшларга энг биринчи қанот бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши шарт ва зарур. Ушбу муаммоларни бартараф этилмасликка, ёшлар тақдири ва келажагига бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ,-дейди “Камолот” ЁИҲ марказий Кенгаши бўлим мудири Дониёр Дадахонов.

IMG_20170227_190734

Вилоят Кенгашининг ўтган йилдаги умумий фаолияти бўйича ҳисоботида ёшлар ижтимоий хизматлари марказларидаги техник воситаларнинг эскирганлиги, мавжуд тўгаракларга қатнашни истаган йигит-қизлар учун шарт-шароит, имкониятларнинг етарли даражада эмаслиги, қатор бошланғич ташкилотлар етакчилари учун ҳали-ҳануз хона ва  техник жиҳозлар ажратилмагани, қатор туман, шаҳар Кенгашлари томонидан  республика даражасидаги турли танлов ва беллашувларнинг қуйи босқичлари ўтказилмагани, фаолият самарадорлиги қониқарсиз аҳволдалиги очиқ, аммо аччиқ тарзда билдирилди.

Йиғилиш ишида кўтарилган масалалар Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши зиммасига улкан масъулият юклади. Когон шаҳар ва Қоровулбозор туман Кенгашлари ҳисобот ҳолати қониқарсизлиги, Ғиждувон, Қоракўл ва Шофиркон каби қатор туман Кенгашлари ўз фаолиятида кескин бурилиш ясаши муҳимлиги қатъий таъкидланди.

– Бугун олдимизга қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда қилинган ишларга, йўл қўйилган хато ва камчиликларга танқидий қаралгани фаолиятимизни такомиллаштириб, Ҳаракат самарадорлигини оширишга даъват этади,-дейди “Камолот” ЁИҲ Бухоро вилоят Кенгаши раиси Нодир Солиҳов.

Вилоят Кенгашининг ўтган даврдаги умумий фаолияти бўйича ҳисоботида шулар тўғрисида сўз юритилди.

Лайло ҲАЙИТОВА