“БИЗ КЕЛАЖАККА ИШОНАМИЗ!”

Бухоро Нефть ва газ саноати коллежида тарбияси оғир, ноқобил оила фарзандлари ва профилактик рўйхатда турувчи ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Биз келажакка ишонамиз!” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигидаги мазкур ёшлар форумида ИИБ профилактик рўйхатида турувчи 150 нафар ўғил-қизлар иштирок этишди.

ёшлар форуми2Ёшлар форуми дастуридан ўрин олган турли лойиҳалар орқали соҳа мутахассислари, тажрибали психологлар томонидан болаларнинг қизиқишлари ўрганилди.

“Ёшлар психологиясига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари”, “Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз. Ёшлар эко ҳаётни танлайди”, “Ёшлар орасидаги ўзаро муносабатларнинг психологик жиҳатлари”, “Ёшларга расм чиздириш йўли билан улар руҳий ҳолатини аниқлаш”, “Келажакда ўзингизни қайси касб эгаси сифатида тасаввур қиласиз?” мавзусидаги иншолар танловлари ўғил-қизларнинг ўз келажакларига психологик ёндошуви ва касбий лаёқатини аниқлашда, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка бўлган мойилликларини бартараф этишда муносиб ҳисса бўлди.

-Ёшлар билан муттасил иш олиб борилмасин, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари кузатилади. Унинг моҳияти ўрганилса, истаймизми-йўқми, оилавий муҳитга, ота-она тарбиясига бориб тақалади. Шу муносабат билан жуда кўплаб хонадонларда бўламиз, ота-оналар билан суҳбатлашамиз. Афсуски, ташрифингизни тушунмайдиганлар, ҳатто, сизни қувиб солишга шай турганлар топилади,-дейди Ҳаракатнинг Пешкў туман раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Муҳаббат Ўроқова,- Ҳар қандай вазиятга қарамай, болалар тақдири, келажаги учун муносабатларни ижобий томонга чуқурлаштирадиган мезонларни излаймиз. Рўзигул Деҳқонова, Миршод Исмоилов, Шаҳзод Давронов каби профилактик назоратда турувчи болалар борки, аксарияти оилавий муҳит таъсирида турли хил тартиббузарлик ҳолатларини келтириб чиқаришган. Ёшлар форуми эса уларнинг ўз келажакларига ёрқин нигоҳлар билан қарашга ундаши, шубҳасиз.

Дарҳақиқат, шундай! Боланинг жамиятга кераклигини ҳис қилишга ундаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қизиқишларига қараб, турли фан, ҳунар тўгаракларига жалб этиш, спорт билан шуғулланишларига имконият яратиш, ота-оналар, оилавий муҳит билан муносабатларни соғломлаштиришга чорлаш ҳамиша ижобий салоҳият касб этиб келган.

-Мен, Жавоҳир Аллаберганов, Олот туманидаги “Опшоҳ” қишлоғида яшайман. Тумандаги 14-умумий  ўрта мактабининг 7-синфида таҳсил оламан. Спортнинг дзю-до турига қизиқишим баланд. Қатор медалларим ҳам бор. Бироқ, синфдошим билан муштлашиб, ўзимни кўрсатиб қўйгим келдими, “зўр”лигим қимматга тушди. Аммо, буёғига ота-онам, устозим Баҳром Абдулахатовларга муносиб ишонч бўлиб хизмат қиламан.

ёшлар форуми

-Пешкў туманида яшайман, исми-шарифим Зилола Қаюмова, оилмиздагилар билан чиқишишим қийин. Кўп ҳолларда ота-онам бир-биримизни тушунмаймиз. Оиламизда одоб-ахлоқ тушунчалари, ўқиш ёки қайсидир ҳунарга қизиқишлар ҳақида-ку, умуман, сўз очилмайди. Тез-тез турли можаролар бўлиб тургани сабаб мактабга ҳам талпинмай қўйганман. Аммо синфдошларим, ўқитувчиларимнинг руҳий таскинлари сабаб қизиқишларимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Келажакда тикувчи бўлмоқчиман.

Ёшлар форуми ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ўз келажакларига бўлган ишончларини оширишга ҳисса бўлди.

Лайло   ҲАЙИТОВА

Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри

Бухоро санъат коллежида бўлиб этган  “Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри” да  ўттиз нафардан ортиқ ёш созандалар ўзларининг чинакам ижодий қобилиятларини, санъат бобидаги маҳоратларини намоён этишди. Оркестр бадиий раҳбари Камолиддин Ўринбоев дирижёрлигидаги мусиқий куйлар дилларга завқ бағишлади. Зарбли ва дамли, торли ва камонли чолғулардан таралган наволар барчага бирдек манзур бўлди. Шунингдек, Ойбек Мавлонов ижросидаги куй ва қўшиқ тингловчилар олқишига сазовор бўлди.

Бундай маданий тадбирлар юртимиз санъатини юксалтиришга ҳисса қўшибгина қолмай, кўпминг сонли ёшлар қалби ва руҳиятига санъатга бўлган муҳаббатни оширади. Санъатга ошуфта кўнгиллар ҳамиша яхшиликларга бой бўлади.

Зарнигор Нафиддинова

Сураткаш: Азамат Каттаев