ВАТАН КЕЛАЖАГИ УЧУН ОВОЗ БЕРАЙЛИК!

 

 “Камолот” ёшлар ижтимоий Ҳаракати  вилоят Кенгашининг  Бухоро ёшларига

М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли ёшлар!

Ҳар эзгу ишга шай, камарбаста ўғил-қизлар!

Ватанимизнинг буюк келажаги, ҳалол меҳнат, ақл-заковат, ғайрат-шижоат билан бунёд этилаётганин, барча ислоҳотлар, янгиланишлар Сиз ёшларнинг эртанги бахтли ва фаровон ҳаётингизни кўзлаб амалга оширилаётганини ҳар бирингиз яхши англаб етасиз.

Мустақиллик йиллари мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида чинакамига ўсиш, ривожланиш йиллари бўлди. Бу даврда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар юз берди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шу йиллар давомида ҳеч бирингизга бефарқ эмаслиги, мамлакатимизда ҳар бир ёшнинг тақдири билан бевосита қизиқиб, бугунги ҳамда эртанги кунингиз учун қайғуриб, фидоийлик кўрсатиб келгани барчангизга аён.

Сиз йигит-қизларга барча шарт-шароитларни яратиб бериш, ҳар бирингизга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш ҳамиша ҳуқуматимизнинг диққат марказидаги муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Замонавий лицей, касб-ҳунар коллежлари биноларининг қад ростлагани, ёшлар марказларининг ташкил этилиши, хорижий давлатларда таълим олиш имкониятининг яратилгани, илм-фан, санъату спорт, маданий-маънавий соҳаларда ёшларнинг мунтазам рағбатлантирилиб келинаётгани бунинг ёрқин исботидир. Демак, ҳар бирингиз Ватан тақдирига даҳлдорлик туйғуси билан яшаш, интилиш лозимлигини, истиқлол имкониятлари – орзуларингизга қанот эканлигини чин юракдан ҳис қилишингиз лозим.

Ҳурматли ёшлар!

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жуда қисқа кунлар қолди. Сиз ўзингиз танлаган номзодга овоз бериш учун ушбу сиёсий жараённи ҳаяжон билан қаршилаётганингиз ҳам чин ҳақиқат!

Элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган Сиз ёшлар, бугун жамиятнинг барча жабҳаларида меҳнат қилиб, нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олмоқдасиз. Сиздек ёшлар учун эса юрт шаъни ҳамма нарсадан юксак ва муқаддасдир. Демак, Сизнинг овозингиз мамлакатнинг куч-қудратини, эртанги порлоқ истиқболини белгилайди.

Ушбу сиёсий жараёнда ҳар бирингиз “Мен муносиб номзодга – Ўзбекистон келажаги учун овоз бераман!” деган буюк қатъият билан ёндошувингиз жоиз.

Қалби қайноқ, янгиланиш ва юксалиш йўлида хизмат қилишдан асло чарчамайдиган йигит-қизлар!

Халқимиз бугунги ҳаёт, эртанги кунга катта ишонч билан қараётган экан, бу Ишончнинг негизида  мужассам бўлган куч – Сизнинг овозингиздир.

Барчамиз бирлашиб, бахту саодатимиз учун, янгиланиш ва тараққиёт учун, Ватанимиз келажаги учун овоз берайлик!

“Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши