Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти маблағлари асосида “Бухоро ёшлари” газетаси томонидан “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” мавзусидаги лойиҳа доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Куни кеча “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши биносида “Ўзбекистон келажагига масъулман!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Бунда Таҳририят қошида ташкил этилган “Парвоз” фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этишди.
“Депутат ва ёшлар”
Тадбир аввалида иштирокчи ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Жамол Носиров билан “Депутат ва ёшлар” мавзусида қизғин давра суҳбати уюштирилди. Жамол Носиров бунда мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари, мавжуд участка сайлов комиссиялари ҳамда улар аъзоларининг вазифалари ҳақида муфассал тушунча берди. “Депутат ва ёшлар” давра суҳбатида иштирокчилар бугунги кунда ёшларнинг жамиятда тутган ўрни, шунингдек, айрим ёш раҳбарлар ўртасида товламачиликлар, коррупцион ҳолатлар содир этилаётгани, уларнинг олдини олиш учун, асосан, нималарга эътибор қаратилиши лозимлиги хусусидаги саволлар билан мурожаат этишди. Депутат ушбу масалага ҳам даҳлдор манбааларга урғу берди.
“Сайлов ва ёшлар”
Бундан ташқари, тадбирда 3-Бухоро округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари, лойиҳа тренери Акбар Рустамов ўзининг “Сайлов ва ёшлар” мавзусидаги маърузасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ижроси ҳақида батафсил маълумот берди. Ва сайлов жараёнлари боришини кузатиш учун сайлов участкаларига кўплаб халқаро тузилма ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий кузатувчилар вакиллари ташриф буюриши, мазкур кузатувчиларнинг ваколатлари, фаолият олиб бориши тўғрисида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.
“Юрт равнақида – биргаликда!”
ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси Масъумапошшо Хўжаева эса “Фуқаролик – фаоллик бурчи” мавзусида, лойиҳа тренери Шавкат Бобожонов эса “Юрт равнақида – биргаликда!” мавзусида сўзлашди. Бунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келишаётгани, ҳар бир миллат қадр ва эъзозда эканлиги, вилоятда мавжуд маданий марказлари фаолияти самарадорлиги ошиб бораётганлиги, жонажон юртимизнинг эртанги ёруғ куни, равнақи учун барча миллат вакиллари бир тану бир жон бўлиб, биргаликда қадам ташлаётгани, ва бу, албатта, мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги муҳим жиҳат эканлиги таъкидланди.
“Сиёсий билим синови”
Ҳар бир ёш ўз ҳуқуқий саводхонлигини ошириши, сиёсий дунёқарашига эга бўлиши жоизки, бу бугунги кун талабидир. Шу маънода тадбир доирасида ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий, маънавий билимларини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган “Сиёсий билим синови” ёзма тартибдаги савол-жавоблар жараёни барчада қизғин таассурот қолдирди. Бунда ёшлар лойиҳа тренерлари томонидан тузилган тест ҳамда саволларга ёзма равишда жавоб беришди.
– Менга, айниқса, “Ўзбекистон келажагига масъулман!” шиори остида ўтказилган интереактив жараёнлар катта таассурот қолдирди. Бунда, биз, иштирокчилар, кўргазмали воситалар орқали ўз фикр-қарашларимизни баён этдик. Уч гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилган интерактив жараёнда биз “Биз коррупцияга қаршимиз!”, “Маҳаллийчилик – иллат”, “Гендер тенглик – жамият ривожи” мавзуларида ўз кўргазмалари тақдимотимизни амалга оширдик,-дейди “Парвоз” фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи аъзоси Диёра Ҳакимова,-мен эгизим Ситора билан ўз кўргазмали чиқишимизни ўзбек, рус ва инглиз тилларида шарҳлаб, муваффақият қозондик.
Рағбат
Тадбир якунида “Сиёсий билим синови” ғолиблари, кўргазмали тақдимотини намойиш этган жамоалар Жамоат фонди маблағлари асосида молиялаштирилган эсдалик совғалари ҳамда китоблар билан тақдирландилар. Фаол иштирокчилар эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда газета логотипи туширилган кўкрак нишонларига эга бўлишди.
Лайло ҲАЙИТОВА
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.