Ўзбекистонни соғинамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга турли хориж давлатларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, экспертлар ташриф буюришиб, улар сайлов жараёнлари билан танишмоқдалар.

%d0%ba%d0%be%d0%bf%d0%b8%d1%8f-img_20161202_172013

Ана шундай кузатувчилардан бири, Исроил давлатидан ташриф буюрган журналист “Окно” газетаси бош муҳаррири Валерий Сердце “Бухоро ёшлари” газетаси муҳаррири Лайло Ҳайитова билан ўз таассуротлари ҳақида ўртоқлашди.

-Ўзбекистонда Президент сайловига жуда қисқа муддатда, лекин юқори даражада тайёргарлик кўрилганини мамнуният билан айтиш мумкин, – дейди у. – Бу, албатта, мамлакатда халқаро стандартларга мувофиқ, сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжудлиги, ўзига хос сайлов тажрибаси борлиги самарасидир. Тўғриси, халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга келишдан олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар билан танишдим. Кузатишларим натижасида ишонч билан айта оламанки, сайлов жараёнлари мамлакатингизда демократик тамойиллар асосида очиқ ва эркин, муҳими, ҳаққоний тарзда ўтмоқда. Ўзбекистон сайлов механизмида хориж давлатлари андоза олиши мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп, десам адашмаган бўламан.

Бухоро вилоятининг бир нечта сайлов участкаларида бўлдим. Сайлов округида ташкил этилган матбуот маркази ҳам, биз, журналистлар ва кузатувчилар учун катта қулайлик бўлди. Бундан ташқари, Президентликка номзоди қўйилганларнинг ҳар бири учун, нафақат, ОАВда, балки ташқи рекламаларда ҳам бир хил ўрин ажратилгани эътиборга молик. Кўплаб давлатларда сайлов жараёнларини кузатганман. Менга энг ёққани халқнинг сайловга бефарқ эмаслиги, мазкур жараённинг Ватан эртаси билан боғлиқ эканлигини англаб етгани бўлди. Сайлов жараёнларида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллиги эътиборга лойиқ.  Шунингдек, ногиронлар ёхуд сайлов участкаларига кела олмайдиган фуқаролар учун ҳам қулайликлар яратилган эканки, булар мамлакатнинг миллий қадриятларни бош мезон билиб, инсонпарварлик, сайловчиларга қулайлик яратишга қаратилган эзгу ишларидир. Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарликни юқори баҳолайман.

-Билишимизча, болалик хотираларингиз, умрингизнинг навқирон дамлари Ўзбекистон билан боғлиқ. Айниқса, мамлакатимизнинг сўлим водийси сиз учун бегона эмас. Мана, қарийб 30 йилдирки, сиз Исроил давлатида яшаб, фаолият кўрсатиб келмоқдасиз. Сир бўлмаса, узоқ йилдан сўнгги ташрифда сизни қандай таассуротлар чулғади?

– Ҳа. Узоқ йилдан сўнгги ташриф! Худди космосда учиб, ҳақиқий мўъжизалар дунёсига тушгандек бўлдим. Тўғри, ҳар сония, ҳар дақиқа қалбим, юрагим Ўзбекистон билан эди. Уни суратларда, интернет тармоқларда кузатардим. Лекин бу юксак ўзгаришларни, тенгсиз тараққиётни, кўз билан кўриб, ҳис қилиш ҳайрати ўзгача экан. Мамлакатингизда, йўқ, тўғрироғи, Ўзбекистонимизда яшаб,  умргузаронлик қилган чоғларим собиқ иттифоқ даврига тўғри келган. Одамларнинг яшаш тарзи, фикру ўйи, улар кўзларидаги ҳадик, тушкунлик нигоҳларимда қолган эди. Бугун эса аҳолининг турмуш тарзи, қарашларидаги ёниқлик, кайфият, кенг дунёқараш, юксак маданият ва салоҳиятнинг кескин тарзда ўзгаргани мени ғоятда хурсанд қилди. Ватандошларимнинг ҳар  томонлама юқори босқичга кўтарилган мамлакатда яшаб, куч ва ғайрат билан келажакка интилаётгани таҳсинга сазовор.

– Бугун Исроил давлатида яшаётган миллатдошларнинг турмуш тарзи, фаолиятидаги самаралари тўғрисида қисқача тўхталсангиз.

– Очиғи, 1990 йилга қадар Ўзбекистон давлатидан Исроилга кўчиб келганлар кўпчиликни ташкил этарди. Бугунги кунда эса, деярли, кўчиб келишмаяпти, десам хато бўлмайди. Ахир, шундай жаннатмакон диёрдан узоқлаша олиш мумкинми? (кулиб)

– Журналистик фаолиятингиз билан боғлиқ  жараёнлар хусусида ҳам сўзласангиз.

–  Адабиётга, журналистикага қизиқишим болалигимдан баланд. Шунинг учун ҳам Андижон давлат университетининг рус филологияси факультетини тугатганимдан сўнг фаолиятимни журналистика соҳасига қаратдим. Узоқ йиллар “Андижанская Правда” газетаси мухбири сифатида ишладим. Тезкор хабару, ўткир сюжетли таҳлилий мақолаларим газетхонлар томонидан муносиб баҳоланган. Умр, дегани оқар сув экан. Исроил давлатига кўчиб келгач, маҳаллий газеталарга бир-икки чиқишлар қилдим. Тўғриси, ўшанда, бу ерда рус матбуотига бўлган эътибор мени ўйлантириб қўйганди.

Бугунги кунда “Вести” газетасида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда, “Окно” газетаси бош муҳарририман. “Окно” газетаси адабий-бадиий, ижтимоий-маданий ҳаёт мавзуини бош мезон қилиб олган. 12 саҳифадан иборат, ҳафтада икки маротаба чоп этилади. Турли миллатга мансуб жамоатчи мухбирларимиз томонидан тайёрланадиган адабий очерклар, интервью ва репортажларни газетхонлар интиқиб кутишади…

– Бевосита “Бухоро ёшлари” газетаси билан танишдингиз. Қисқача мулоҳаза ва  таклифларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Ажойиб, дизайни ҳам замонавий кўринишда. Газетхонлар қамрови ҳам етарлича. Менга, айниқса, таҳририят қошида “Парвоз” ёш журналистлар маҳорат мактаби ташкил этилгани қизғин таассурот қолдирди. Жамоатчи мухбирларингиз билан суҳбатда уларнинг ғоятда фаол ва билимдон, журналистикага қизиқиши баланд эканлигини кўрдим. Инглиз, рус тилларида бемалол сўзлаша олишаркан. Газета сайти ҳам ўзига хос юритилар экан. Ёшлар чарчашмасин! Қойил! Таклифим эса шу: мен “Бухоро ёшлари”ни “Окно” билан доимий ҳамкорликка чорлайман!

– Мамлакатимизга ташрифингиз ҳамда билдирган фикр-мулоҳазаларингиз учун катта раҳмат.

–  Сизга ҳам раҳмат! Яна дийдор насиб этсин. Нурли ва мўъжизакор диёрга ҳеч қачон кўз тегмасин! Ўзбекистон келажагига, эртанги ёруғ кунига овоз берган халқ сайлови, албатта,  шу мамлакат ва унинг халқи учун сидқидилдан хизмат қилишига ишонаман!

Суҳбатдош: Лайло Ҳайитова, журналист.