Бухоро шаҳар Ҳамза кўчасида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаро Шуҳрат Чориев ҳам Ҳукумат қарорлари хамда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига р иоя қилмай, даромад топишга уринаётганлардан бири бўлиб чиқди.
Белгиланган тартибда ўтказилган текшириш давомида ушбу тадбиркор ўзига қарашли савдо шахобчасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланилишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор талабларини бузиб, савдодан тушган маблағларни банкка топшириш ўрнига ҳамёнга уришга уринаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат, назорат тадбири кунида ҳам такрорланиб, сотувчи шу куни харидорга 47 минг сўмга кийим-кечак сотиб унга назорат касса машинасидан харид чекини бермади. Бундан ташқари, шахобча хазинаси санокдан ўтказилганда кунлик савдодан тушган жами 170 минг сўмлик нақд пулларни ҳам назорат касса машинаси хотирасига киритмаганлиги аниқланди. Шунингдек, текшириш жараёнида шахобчада сифат-сертификати ва кирим ҳужжатлари бўлмаган 13 турдаги дастлабки нархи 20.444.000 сўмлик кийим кечакларнинг сотувга чиқарилгани аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, ушбу товарлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармасининг “Ишонч телефонига” келиб тушган мурожаат асосида Бухоро шаҳридаги Бухоро-Америка қўшма корхонасига қарашли ғишт ишлаб чиқариш цехида ҳам қисқа муддатли текшириш ўтказилди.
Текшириш жараёнида мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топиб, жамият сотувчиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 24 январдаги “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида”ги ПҚ-1910-сонли қарори талабларига зид равишда корхона маҳсулотларини чет эл валютасида сотаётганлиги аниқланди.
Афсуски, ушбу ҳолат қисқа муддатли текшириш кунида ҳам сотувчи томонидан харидорга 300 АҚШ доллари ва 61 минг сўмга ғишт маҳсулотини сотиш орқали такрорланди.
Ўз навбатида ўтказилган мазкур текшириш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга юборилди/
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати.