“Бухоро юлдузлари” жамоаси 2015 йилда Латвия пойтахти Рига шаҳрида ўтказилган халқаро танловда 1-ўринга сазовор бўлишган.
Раққоса қизалоқлар жамоаси. Улар худди бир даста гулларга ўхшайди. Эътиборлиси, уларнинг барчаси қобилиятли ва тиришқоқ ўқувчилар. Бухоро шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Бухоро юлдузлари” раққоса қизлар жамоаси билан илк танишган кишида худди шундай тасаввур уйғониши, табиий. Уларнинг қўлга киритаётган ютуқлари ва интилишлари шундан далолат беради.
– Бу жамоага 2013 йилда асос солинган эди, – деб таништирди уларни мусиқа ва санъат мактаби директори Гулчеҳра Норова. – Қизалоқларимиз шу ўтган қисқа вақт нафақат миллий балки ҳорижий халқ рақсларини ҳам ўзлаштириб олдилар. Вилоятимизда ўтказиладиган тадбирларда ҳам албатта “Бухоро гўзаллари”га навбат берилади. Чунки уларнинг мафтункор рақсларига кўпчилик ўрганиб қолган.
Жамоага раҳбарлик қилаётган тажрибали рақс муаллимаси Мафтуна Муҳаммадиеванинг айтишича, ҳозирда 20 нафар қизалоқлар дастада ўз маҳоратларини ошириб бормоқдалар. “Бухоро юлдузлари” жамоаси 2014 йили “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалининг фольклор йўналиши бўйича лауреат, деб топилган эди. Ана шу ғолиблик рақс дастасининг ҳар бир аъзосига олам-олам қувонч олиб келганини ўқувчилар, мусиқа мактаби устозлари ҳам яхши эслайдилар. Бу ғолибликдан кейинги руҳланиш сабабми, 2015 йилда қизалоқлар Латвия пойтахти Рига шаҳрида ўтказилган халқаро танловда ҳам 1-ўринга сазовор бўлишди. “Dance Olympiad Riga – 2015” номли халқаро рақс танловида истеъдодли қаҳрамоларимиз ўзбек рақс санъатининг довруғини хорижлик тенгдошларига яна бир бор намоён қилдилар. Жамоанинг яна бир аъзоси Шахинабону Олимова эса ўтган йили “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалида яккахон ижрочи сифатида ғолибликни қўлга киритди. Жамоанинг бугунги муваффақиятларида мураббийлар Мафтуна Муҳаммадиева, Саломат Раҳмонованинг берган сабоқлари муҳим ўрин тутяпти.
бугунги кунда ҳам қизалоқлар рақс дастаси юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. “Бухоро юлдузлари”да болаликнинг гулгун нафаси уфураётгани бежиз эмас. Қизалоқларнинг олам-олам орзулари ҳали жаҳоннинг юксак саҳналарида ўз рўёбини топади. Бунга ишончимиз комил.
Мадаминжон СОЛИЖОНОВ