“Бухоро ёшлари” газетасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” лойиҳаси асосида ташкил этилган “БЕТАКРОР, ЎЛМАС АСАРЛАРНИ ЎРГАНАМИЗ!” мавзуида ўқувчи-ёшлар билан “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак марраларни эгаллашга қодир”, “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумки, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг жорий йилнинг 30 июнь – 1 июль кунлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятига уюштирилган расмий сафарларига бағишланган “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак марраларни эгаллашга қодир”, “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” номли рисолалари “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилди.
Республикамизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Бухоро Нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ҳам “Бухоро ёшлари” газетаси билан мазкур асарлар тақдимоти ўтказилди. Унда коллеж директорининг ўринбосарлари Мурод Ҳакимов, Акмал Ҳафизов, ахборот-ресурс маркази раҳбари Мастура Камолова, тарихчи ва ҳуқуқшунослар, ўқувчи ёшлар ҳамда “Парвоз” тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграгандан сўнг, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Мустақиллик меъмори, Биринчи Президентимиз хотираси ёдга олинди. “Истиқлол одимлари”, “Кеча ким эдику бугун ким бўлдик”, “Эртанги кун бизники, марра бизники” номли видеолавҳалар намойиши билан бошланган тадбир барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбирда сўз олганлар, Биринчи Президентимизнинг мазкур сўнгги асарлари миллий тафаккуримизга, маънавиятимизга бебаҳо хазина сифатида қўшилиб, Ўзбекистонни ёруғ келажагида порлоқ машъала бўлиб хизмат қилажагини алоҳида эътироф этишди. Қисқа фурсатда, Ўзбекистон, айниқса, жанубий воҳалар Қашқадарё ва Сурхондарё ўлкаларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари асрларга таътигуликдир. Бугун истиқлол нуридан қайта кўрк очган Қашқар ва Сурхон воҳаларини ривожалтириш учун йўналтирилган молиявий харажатлар, тенгсиз ислоҳотлар асарда батафсил баён этилганлиги маърузачилар томонидан баралла баён этилди.
Асарлар тақдимоти сўнггида фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар “Бухоро ёшлари” газетасининг “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” номли гранти маблағлари томонидан эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси билан тақдирланишди.
Шавкат БОБОЖОНОВ, лойиҳа тренери,
БухДУ магистранти.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.