ЯНГИ ҚОНУН ЎРГАНИЛМОҚДА

Бухоро Нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежида жорий йилнинг 14 сентябрида қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

sam_0238

 “Бухоро ёшлари” газетасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” лойиҳаси асосида ташкил этилган тадбирда таълим муассасаси ўқитувчи ва мураббийлари, ўқувчилар, “Kamolot” ЁИҲ фаоллари ҳамда коллеж жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Ёшларга оид давлат сиёсатини акс эттирган видеофильм намойиши билан бошланган тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

sam_0056

Тадбирда коллеж директори, техника фанлари номзоди Малик Муродов, тарих фани ўқитувчиси Мурод Ҳакимов, Ҳаракатнинг бошланғич ташкилот етакчиси Умида Раҳматова ва бошқалар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшлар камолоти йўлида қабул қилинган мазкур қонун, унинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти, долзарблигини атрофлича таҳлил этишди. Ушбу юридик ҳужжат очиқлик ва шаффофлик, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда уларнинг иштирок этиши, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги каби асосий принципларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.  4 боб, 33 моддадан иборат қонун юксак ҳарорат билан битилган бўлиб, келажак авлоднинг улуғвор мақсадларини, орзу ва интилишларини ўзида ифода этган.

sam_0334

 

 

 

 

 

 

 

-Қонун моддаларини таҳлил этарканмиз, унда белгиланган кенг имкониятлар, қулайлик ва шарт-шароитлар Ўзбекистонни яна бир бора бахтли ёшлар мамлакати, дея эътироф этишимизга тўла сабаб бўлади, – дейди У.Раҳматова. – Ёшлар қизиқишидан четда қолмаган бирор масаланинг йўқлиги, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ёшлар таълими ва тарбияси, талаб ва таклифлари олдида масъуллигининг янада оширилганлиги қонуннинг ҳуқуқий ва амалий даражасини оширган.

Айтиш жоизки, янги қонун доирасида “Ёшлар ва қонун” республика кўрик-танлови ҳам жорий этилган бўлиб, мазкур беллашув ёшларнинг ҳуқуқий онги, сиёсий маданиятини юксалтириб, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қонун тақдимоти якунида Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида амалга оширилган ислоҳотлар, чорак аср имкониятлари хусусида блиц-савол-жавоблар ўтказилиб, фаол қатнашганлар ҳамда “Муносиб ворислар” жамоаси грант маблағлари асосида молиялаштирилган юридик адабиётлар жамланмаси ҳамда совғалар билан тақдирланишди.

Шавкат Бобожонов, лойиҳа тренери.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.