Шу мавзуда вилоят матбуот марказида грант лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган “Ҳуқуқий саводхонлик – юксак маданият белгиси” мавзуидаги ўқув-семинарда ФЖШМҚМИ вилоят ҳудудий бошқармаси, Бухоро вилоят Адлия бошқармаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фаол ёшлар иштирок этишди. Ўқув-семинар ёшларнинг ҳуқуқий дунёқарашини ошириш, турли ёт ғоя ва ташаббускор фикрлар билан курашишга қодир кучли мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалаларига бағишланди.
Маълумки, мамлакатимизнинг 60 % аҳолисини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Албатта, уларнинг турли йўлларга оғишмай, тўғри йўлни танлашида сиёсий-ҳуқуқий билим, қонун ва қонуности ҳужжатлардан ҳабардорлик даражаси муҳим аҳамият касб этади.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси Акмал Давлатовнинг “Фуқаролик жамияти: тарих ва бугун”, вилоят адлия бошқармаси матбуот котиби Ҳомид Ҳотамовнинг “Ҳуқуқий саводхонликни оширишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вазифалари” ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Саид Ҳамроевнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати – амалда!” мавзуларидаги маърузалари айни шу масалаларга қаратилди.
Ўқув-семинарда интерфаол усуллардан фойдаланилди. Шунингдек, иштирокчиларга сиёсий-ҳуқуқий билимларга доир тест саволлари тарқатилди. Бу орқали иштирокчиларнинг қонунлардан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти асарларидан ҳабардорлик даражалари аниқлаб олинди. Қизғин баҳс-мунозара тарзида кечган ўқув-семинар ҳар бир тингловчининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сиёсий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилди.
Тадбир сўнггида интерактив ўйинда юқори натижаларга эришган ҳамда ўқув-семинарда фаол иштирок этган жамоат ташкилотлари иштирокчиларга грант лойиҳаси асосида молиялаштирилган диплом, эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси топширилди.
Ҳамид Ҳотамов, вилоят Адлия бошқармаси матбуот котиби:
– Ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишда давлат ҳокимияти асосий вазифани бажаради. Чунки давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва фармойишлар, қонуности меъёрий ҳужжатларида аввало, халқ манфаатлари кўзланган бўлади. Шунингдек, ижрога кирган қонуннинг тарғиботи ҳуқуқ органлари томонидан халқ орасида кенг ўтказиладики, ундан кўзланган асосий мақсад қонун мазмун-моҳиятини оммага тушунтириш, ҳақ-ҳуқуқларини теран англашга ёрдам беради. “Бухоро ёшлари” газетасининг мазкур грант лойиҳаси ҳам жамиятнинг, айниқса, ёшларнинг сиёсий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилишга бел боғлагани эътиборга молик жиҳат.
Маннон Тўхтаев, “Бухоро оқшоми” газетаси бош муҳаррири:
-Ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш мақадида кўпроқ депутат ва ёшлар учрашувларини ташкил этиш ва мулоқотлар уюштириш ижобий самара беради. Бу мулоқотлар ёшларни ташвишга солаётган муаммоларини бартараф этибгина қолмай, уларнинг сиёсий билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Дарҳақиқат, ушбу жиҳатлар грант лойиҳаси дастурларидан ўрин олган. Пухта ўйланган режа асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ёшларнинг келажаги, ёрқин тақдирини ўзида намоён этган қонунлар тарғиботида муҳим роль ўйнайди.
Семинарда ва интерактив ўйинларда фаол иштирок этган иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.