ЖАМОТЧИЛИК НАЗОРАТИ КУЧАЙМОҚДА

Дастур амалда

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, сифатли ва замонавий талаблар асосида хизмат кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда юқори даражада ҳуқуқий ёрдам бериш масалаларига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Куни кеча Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти Марказий аппарати ташаббуси билан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлигини таъминлашда, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ ролини кучайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги семинар-тренингда худди шу масалалар кўрилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган телевидиниелар ҳамда босма нашрлар вакиллари, ташкилот ва муассасаларнинг  ахборот хизмати ходимлари иштирок этган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад журналистларнинг ҳуқуқий малакасини ошириш, мамлакатимизда “тўртинчи ҳокимият” фаолиятини эркинлаштириш, фуқароларнинг, шу билан бирга,  жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти органларига мурожаатлари борасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва унинг бугунги кундаги амалий аҳамиятини чуқур англашга қаратилгани билан эътиборга молик бўлди.

Икки кун давом этган мазкур семинар-тренингда Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти Марказий аппарати йиғма лойиҳа раҳбари Мансур Абдусатторов ҳамда етакчи мутахассиси Санобар Мансуровалар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Иштирокчилар гуруҳларга, “Журналистлар” ҳамда “Ахборот хизмати ходимлари”га бўлинган ҳолда интерфаол усулларга киришгани семинарнинг қизғин баҳс-мунозарага бой  тарзда ўтишига сабаб бўлди. Гуруҳлар томонидан “Дaвлaт ҳокимияти вa бошқaруви оргaнлaри фaолиятининг очиқлиги тўғрисидa”ги Қонун қабул қилингандан сўнг яратилган имконият ва қулайликлар, қўлга киритилган ютуқлар, шу ўринда ОАВнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда тўсиқ бўлаётган камчилик ва муаммолар хусусидаги фикрлари ўртага ташланди.

Амалий машғулотларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари, қонун меъёрларининг амалдаги ижроси, ОАВ вакилларини жойлардаги давлат органларида аккредитация қилиш тартиби тўғрисида Низом тайёрлаш ва талабнома юбориш, ахборот коммуникация технологиялари имкониятларини самарали қўллаш кабилар ўрин олди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали(www.my.gov.uz)дан фойдаланиш барчанинг диққат марказида бўлди. Эътиборли жиҳати, мазкур сайт орқали жамиятда учраб турадиган муаммоларни тегишли  ташкилотга йўллаш ҳамда унинг натижаси тўғрисида маълумот олиш имконияти мавжуд. Семинар-тренинг давомида барча иштирокчилар мазкур портларда рўйхатдан ўтказилиб, уларга шахсий электрон тизимли кабинетлар очиб берилди ва уни юритиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Электрон ҳукуматдаги бу қулайлик, нафақат, ОАВ ходимлари, балки, фуқароларни ҳам ташвишлантирадиган муаммоларни ечишда аҳамият касб этади. Бу борада журналистлар фаолликни қўлдан бой бермасликлари зарур.

– Журналист фуқаро ва ҳокимият ўртасидаги  кўприк. У ҳамиша халқ дарди, унинг ҳиссий кечинмалари билан яшаши ва уни ҳал этиш бўйича ўзининг бор имкониятларини сафарбар этиши керак. Шундагина у жасоратли журналист бўла олади. Мазкур семинар-тренинг фаолиятимизда ана шундай билим ва кўникмаларни янада оширда муҳим роль ўйнади,-дейди  “Истиқлол” телевидиниеси муҳаррири Обид Шабонов.

Ўзига қатор муҳим вазифаларни мақсад қилиб олган мазкур семинар-тренинг журналистлар ҳамда ахборот хизмати ходимларининг кейинги фаолияти учун  муҳим дастуруламал бўлди.

Файзиддин ТЕМИРОВ,                                                                                                                                   “Бухоро ёшлари” газетаси қошидаги  “Парвоз” тарғибот гуруҳи аъзоси.