ЎЗГАРИБ БОРАЁТГАН ЁШЛАР

Сайтларда – севги изҳори

Асрларки, инсоният ёшларнинг ўзгариб бораётганини айтиб чарчамайди. Бугун биз ҳам ёшлардаги ўзгаришларни кўриб ҳовлиқиб қолмоқдамиз. Ҳовлиқишимиз, табиий. Боғча боласи уяли телефонни, компьютерни сизу мендан яхшироқ ишлатади. Инглиз тилида қирқ ёшдан ўтганларнинг аксариятидан тузукроқ сўзлашади. Кийиниши, қизиқишлари бизникига ўхшамайди. Назаримизда, бундан қўрқиш эмас, фойдаланиш зарур. Яъни уларнинг қизиққан нарсаларини ақл билан бойитиш, миллий мафкурамиз, истиқлолимиз равнақи йўлида хизмат қилдириш лозим. Қандай қилиб?! Айтайлик, бугун жуда кўп ёшларимиз “одноклассник” сайти билан боғланмоқда. Шу сайтни ёшлар қизиқишига мослаб, маърифатли маълумотлар билан тўлдирармиз, бу сайтни жиддий ўзгартирармиз, балки..?!   

Халқимизда севги билан боғлиқ гўзал эртаклар, достонлар бор.   Шоирларимиз муҳаббатни тараннум этувчи гўзал шеърлар, ёзувчиларимиз ажойиб ҳикоя, қиссалар яратганлар. Лутфий, Навоий, Машрабдан то Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзолар ижоди кирган шеъриятгача  назардан ўтказиб, ёдлаш осон, ўқилиши оммабоп бўлганларини сайтга киритармиз, балки..?! Ёшлар бу шеърларни дастлаб бир-бирларига севги изҳори сифатида юбориб, сўнг шуурлари ёришар.   Бизнинг ёшимиздагилар бадиий адабиётни қоғоз ёрдамида танишган бўлсалар, бугунгилар компьютер кўмагида асар ўқир. Фақат сайтларга киритилаётган асарлар, умуман, нашр қилинаётган асарлар савиясини жиддий назорат қиладиган вақт етиб келди, ҳатто бироз вақт йўқотиб ҳам қўйдик, наздимизда. Бош қаҳрамони нотайин асарлар маънавиятимиз учун юқумли касалликдан ҳам хавфлидир.

 

Кўнгли қаттиқ болалар

Компьютерда беш яшардан эллик яшар одамларгача ўйин ўйнамоқда. Бундай ўйинларга муккасидан кетган болалар терс ва қўпол, ҳатто, кўнгли-да қаттиқ бўлиб бормоқда. Уларга ўйин ўйнама, дейишдан кўра, зарарли ўйинларни  суриб чиқара оладиган, мантиққа таянган фойдали ўйинлар ишлаб чиқиш мумкиндир?!  Масалан, “уруш-уруш”дан иборат ўйинлар ўрнини табиат тасвирлари, ўсимликлар ва зарарли ҳашоротлар ёрдамида тайёрланган ўйинлар билан алмаштириш мумкиндир?! Ҳеч бўлмаса, оҳуни шердан қутқариш ўйини ишлаб чиқилса ҳам кўнгли қаттиқ болалар камаярмиди. Ёшларга жуда қизиқарли туюлиб турган, ҳозирча янгилик мақомидаги бу нарсаларни жиддий қайта ишлаб чиқиш учун салоҳиятли мутахассислардан фойдаланиш шарт.

Бир вақтлар  дизайн йўналишидаги бир ўйинни кўриб қолувдим. Турли либослар, сочлар, кўзлар, хуллас, инсон қиёфасини ранг-баранг ҳолга келтириш имкони берилган ўйин. Шундай ўйинларни миллий қиёфа, кийимларимиз асосида ташкил қилинса, қизларимиз кийиниш, бўяниш маданиятидан, ранглар мутаносиблигидан хабардор бўлишади. Айни дамда, миллий кийимларга эътибор ошади. Ҳолбуки, ҳар бир миллатнинг кийими шунчаки  пайдо бўлмайди. Унда  ўша миллат яшаётган табиат акс этган, ўша табиат инжиқликларидан ҳимоя мавжуд бўлади. Оддий қилиб айтганда, ҳар бир миллатнинг  либоси ўша миллатнинг соғлиги гаровидир.

 

Касалликдан қочинг!

Бугун қизларимиз ғарбдаги каби оёқлари очиқ ҳолда юришибди. Ота-боболаримиз фақат ҳаё нуқтаи назаридан  эмас, гигиена сабабли ҳам оёқни тўпиққача ёптирганлар. Негаки иқлимимиз бир кунда камида беш хил ҳолатга киради. Ёзда ҳаво эрталаб салқин, тушда қайнаб кетади. Секин салқин  бўлиб бориб, намозшомда салқинлик миқдори ошиб, битта куйлак камлик қилади. Бугун оёқочиқ юриш туфайли хотин-қизларда ички касалликлар, буйрак шамоллаши, оёқ оғриғи каби касалликлар кўпайди.  Кўпчилик буни нотўғри кийиниш оқибати, деб ҳисобламайди ва ота-боболари кийингандай, ҳеч бўлмаса, миллий кийимларни замонавийлаштириб кийиниш соғликка фойда эканини тасаввур қилмайди, эҳтимол.

Биргина мисол: аксарият қизлар буйрагини шамоллатиб, оилали бўлгач, фарзанд кўриш жараёнида ўзини ҳам, оиласини ҳам ташвишга қўяётгани рост.            Бунга шим ва калта кўйлак кийгани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини оналари ўйладимикан?! Сунъий матодан бўлган оёқ либосларини кийиб, қаттол қиш совуғида ҳам уз-зуккун юрган ва оқибатда ўзида турли тан касалликларини орттираётган қизларимизни ўйлаётганимиз йўқ. Бу ҳолатни чуқурроқ таҳлил қилсак, яна қатор мулоҳазалар пайдо бўлади. Ёшлар беҳаёларча кийинмоқда, деймиз-у ҳам ёшлар дидига мос замонавий, ҳам халқимизнинг азалий қадриятларига мутаносиб либосларни бозордан топиш душворлигини камроқ ўйлаймиз. Ҳолбуки, биргина шу муаммонинг хайрли ечими маънавиятимизга каттагина фойда келтиради.

 

Ёшлар маданиятига маърифат билан!

Ёшлар кўплаб эшиттиришларни эътибор билан тингламоқда. Бунга эриша олингани мақтовга лойиқ.  Бу имкониятдан маърифат йўлида фойдаланиш лозим. Айтайлик, битта шўх қўшиқдан сўнг битта “Шашмақом” шўъбасидаги куй ёки қўшиқни қўйиб юбориш орқали ҳам ёшлар  маънавиятини юксалтиришнинг ўзига хос имкони пайдо бўлади. Келингки, “Имкон ШОУ” кўрсатувини кўпчилик томоша қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу кўрсатувни гўзал куйлар билан безаш натижасида ёшларни “Чўли ироқ”, “Тановор”, “Дилхирож” сингари боқий куйлар билан ошно этиш мумкин. Ёшлар қайси кўрсатув, қайси эшиттиришни мароқ билан қабул қилса, айнан уларни секин-аста мукаммал ҳолга келтириш ва уларда ёшлар тарбиясини гўзаллаштирувчи омилларни кучайтириш зарур. Телевидение орқали Ўзбекистон табиати намойиш қилинса ва тасвирга куйларимиз зийнат бўлса, нур устига аъло нур бўларди. Зеро, Президентимиз айтганларидек, “Инсоннинг руҳий камолоти ҳақида гапирар эканмиз, албатта, бу мақсадга мусиқа санъатисиз эришиб бўлмайди. Халқимиз ҳаётида мусиқа азалдан беқиёс ўрин тутиб келади”.

Айрим сериаллар, такрор-такрор берилаётган ҳинд фильмлари ўрнида сайланма концертлар кўпроқ берилса, телевидение мухлиссиз қолмайди, аксинча, мухлиси ортади. Негаки, халқимиз мусиқага ошно ва уни қадрлайдиган халқ. Сараланган қўшиқлар, куйлар ва рақслар ёшлар тарбиясида ижобий аҳамият касб этади.

Бадиий ва илмий асарлар мактаблар кутубхоналарига кўпроқ юборилса. Ҳар бир маҳалла ва қишлоқда кутубхона бўлса. Китоблар етук мутахассислар танлови асосида юборилса ва бу жараёнда кўнглибўшлик билан иш қилинмаса. Ҳеч бўлмаса, китобларни ижра ҳолатида кутубхоналарга топширилса. Бу тадбир тез самарасини берарди. Ёшларнинг анча қисми компьютер, уяли телефон “касаллигидан” қутуларди ва соғломлиги ошарди. Аслида биз айтган фикрларга уйқаш минглаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Биз эътибор янада оширилса, етук мутахассислар жалб қилинса, деб умидвор бўлдик. Ёшлар маданиятига маърифат кўмагида эришиш энг маъқул йўллигини кўплар қатори биз ҳам кўнглимиздан ўтказдик, бу йўлдаги айрим жиҳатларни таъкидладик, холос.

 

Лайло ШАРИПОВА,

БухДУ доценти, филология фанлари номзоди.