Бугун ҳаётимизни электрон воситаларсиз тасаввур қилолмаймиз. Биргина уяли алоқа телефонининг ўзи тобора ҳаётимиз мазмунининг бир бўлагига айланиб бормоғда. Маълумотларга қараганда, бутун дунё бўйича қарийб, 4 миллиарддан зиёд киши мобиль телефонлардан фойдаланар экан. Бу кўрсаткичнинг12 миллион нафардан ортиқ абоненти Ўзбекистон аҳолисини ташкил этар экан.
-Ўғлим, машинангда ғизиллаб, мани шундоқ бозоргача обориб қўйсанг, девдим. Вақтинг борми? Қаердасан?
-Вақтим бор. Жоним билан обориб қўярдиму, аммо сал узоқроқда эдим-да, отажон. Жуда зарур экан, кутинг, бирор соатларда етиб бораман,-аслида бир девор нарида жойлашган ҳовлидаги уйида ялпайиб ётган ўғил қўл телефони орқали отасига ёқар-ёқмас жавоб берди.
-Ҳа, майли, узоқроқда бўлсанг, уринма, йўлда бирор кор-ҳол бўлмасин, тағин, болам. Бир нави қилиб, ўзим бориб-келарман,-деди ўғлининг ёлғонига чиппа-чин ишонган ота…
Ҳа, қўл телефони технологик инқилоб бўлди. Шу билан бир қаторда, уни ҳеч иккиланмай, ЁЛҒОНЧИЛИКнинг замонавий усулига ҳам асос солди, десак адашмаган бўламиз.
Ўғил отасига, қиз онасига, ходим раҳбарига, ўз ўрнида раҳбар ҳам “юқори”га… уяли алоқа телефони орқали бемалол, пинагини бузмай, ёлғон гапира олади. Бу, албатта, уяли алоқа телефонларидан ўзаро ишонч ва ҳурматни топташ воситаси сифатида ҳам фойдаланишнинг ошиб бораётганлигидан далолат. Афсуски, ундан фойдаланиш мезони ва маданиятига риоя қилмаслик ёшлар маданиятининг шаклланишида ҳам қалтис тўсиқ бўлмоқда. Одамлар савияси ва асабларига салбий таъсир кўрсатадиган айрим компаниялар томонидан берилаётган бачкана хабарлар тўғрисида-ку гапирмай қўя қолайлик. Атрофдагиларга эътибор қилмай, мобил телефони орқали ахлоқсизларча сўзлашаётган, бир-бирларига беҳаё сурат ва хатларни sms, mms, viber, whatsApp, telegram орқали жўнатаётган йигит-қизларни ҳар қадамда учратамиз. Уларга танбеҳ бериб қўйишда ўзимизда куч тополмаймиз. Чунки, бир оғизгина огоҳлантириб қўйиш ўзимизга қанчалик қимматга тушишини яхши биламиз. Бу эътиборсизлигимиз эса жамият тараққиётига, қолаверса, баркамол авлод келажагига таҳдид солиши мумкинлигини тан олгимиз келмайди. Ёшларнинг қўл телефонлардан бўлар-бўлмасга, кўр-кўрона, муккасидан кетиб фойдаланишларига кенг йўл очиб бериш — уларнинг соғлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Аксарият ҳолларда мобил телефонлар ишлаб чиқарадиган компаниялар фикрига таяниб, маҳсулотларнинг саломатликка зарари йўқ, деган хулосага ҳам келамиз. Аммо, уяли алоқа телефонларининг бошқа электр ускуналари каби магнит майдони мавжуд экан, ундан тарқалаётган электромагнит тўлқин организмга жиддий таъсир кўрсатмай қўймайди. Бу ҳақда Бухоро вилоят Соғликни сақлаш бошқармаси болалар шифокори Маъмура Сафоева шундай дейди:
-Технологиянинг ривожланиб, кундан-кунга кучайиб бориши натижасида саратон касаллиги ортиб бормоқда. Биргина уяли алоқа телефонларидан бугун, нафақат, катталар, балки мактаб ўқувчилари ҳам кенг фойдаланишмоқда. Болаларнинг катталарга нисбатан мия тўқимаси таъсирчан, қулоқ супраси анча юмшоқ бўлади. Ультратовушларнинг кучли таъсири болалар соғлигига зиён келтирмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бундан болаларни ҳимоя қилиш керак.
Нафақат, мактаб ўқувчилари, балки, ҳали туғилмаган, она қорнидаги ҳомилага ҳам бундай нурланишнинг салбий таъсири йўқ, дея олмаймиз. Маълумки, ҳомилали аёл бола туғилгунга қадар уйда ўтириб қолади. Ва у бевосита уяли алоқа телефони орқали сўзлашишда ўзида кўпроқ эҳтиёж сезади. Ривожланаётган ҳомиланинг ташқи таъсирлардан куч олиши кўпчиликка маълум. Сурункасига мобил телефон орқали сўзлашиш ҳомиладор аёлни лоҳас, бош оғриқ қилиб қўяди. Бу эса онага қараганда ҳомилада ривожланаётган боланинг миясига кўпроқ таъсир кўрсатади. Электр тўлқинлар таъсирида ривожланган бола нимжон, камқон бўлиб туғилади. Имкон борича, уяли алоғқа телефонларни ҳомиладор аёл ётган хонадан бошқа хонага қўйиш лозим.
Омон Абдуллаев, Олий тоифали шифокор:
-Тўғри, мобил телефонларнинг раиоактив таъсири тўла исботланмаган. Шунга ғарамай, соткани “зарарсиз” деб ҳам кафолат бера олмаймиз. Ундан фойдаланишда ёшларнинг мукка тушиб олиши, меъёридан ортиқ, яъни соатлаб гапириши-катта муаммо! Кейинги пайтларда қулоқ супраси оғриғи билан келадиган ёш йигит-қизлар сони ошиб бормоқда. Бошининг ўнг ёки чап қисми оғриғидан шикоят қилувчилар ҳам кам эмас. Шуни инобатга олган ҳолда, ёшларни мобил телефонлардан таралаётган тўлқинли частоталар таъсиридан ҳимоялаш зарур. Бунинг учун, албатта, эҳтиёж бўлмаса, уларнинг мобил телефонлардан фойдаланишларини чеклаб қўйиш зарурлигини ўйлаб кўриш керак, менинг назаримда.
Дарҳақиқат, инсонда юрак хасталигини кучайтириши, қон босимини ошириши, боз устига, уяли алоқа телефонларидан чиқаётган электроҳанграбо тўлқинларнинг салбий таъсири борлиги аниқланган экан, ёшлар ва болалар орасида нафақат, технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, балки, уларнинг таъсиридан ҳимоялаш бугунги куннинг долзарб масаласига айланиб қолмоғи керак.
Лайло