Биз буюк юрт фарзандларимиз!

Боболарга муносиб бўл, боболарга,

Олам аҳлини уйғотган даҳоларга.

Оққан дарё оқар, қўшил дарёларга,

Боболарга муносиб бўл, боболарга!

Нақарот:

Сен буюк юрт фарзандисан!

Мен буюк юрт фарзандиман!

Биз буюк юрт фарзандларимиз!

Боболаринг от ўйнатиб дунё кезган,

Муҳтожларга мурувватли қўлин чўзган.

Улуғбеклар от устида юлдуз узган,

Боболарга муносиб бўл, боболарга!

Навоийнинг навосига тўлган дунё,

Бухорийни ўқиб, олим бўлган дунё,

Амир Темур кулса, бахти кулган дунё,

Боболарга муносиб бўл, боболарга!

Ғафлат билан лоқайдликни дўст тутмагин,

Бегонанинг ҳимматига кўз тутмагин,

Сен кимларнинг авлодисан, унутмагин!

Боболарга муносиб бўл, боболарга!

Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири.