ИҚТИДОРЛИ ТАЛАБА ЮТУҚЛАРИ

Сенинг тенгдошинг

Баҳодир Жўраев Тошкент давлат Стоматология институти Бухоро филиалининг 4-босқич талабаси. 2014-2015 йилларда “Камолот” стипендияси соҳиби, 2015-2016 ўқув йилида Ибн Сино номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди. Инглиз ва рус тилларида бемалол сўзлаша оладиган Баҳодирнинг ижтимоий ва тиббий мавзуларга илмий мақола ва тезислари республика ва қатор хориж босма нашрларида чоп этилган. Маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-назарий анжуманларда фаол иштирок этганлиги учун 20 дан ортиқ сертификатларга эга. Айни  пайтда у стоматология соҳасидаги замонавий янгиликларни бирламчи тиббий бўғинда қўллаш, яъни ахоли ўртасида учрайдиган рационал овқатланиш, гигиена, уйқу, жисмоний фаоллик, чекиш, оғиз бўшлиғи касалликлари борасидаги масалаларни ўрганиш ва ечимини топиш устида изланмоқда. Ўз устида тинимсиз ишлайдиган иқтидорли талабанинг келажакдаги режалари кўп. Тиббиёт фанлари номзоди, доцент Амрулло Иноятов раҳбарлигида “Юз-жағ соҳаси туғма нуқсонлари ривожланиши хавф-хатарлари экологик омилларининг олдини олиш” мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган Баҳодир “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти фаолиятида маънавий-маърифий соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида талаба-ёшлар орасида “Оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари ва унга қарши кураш усуллари” мавзусида давра суҳбатларини ҳам ташкил қилишга улгурмоқда.

Шунингдек, у Олийгоҳда ташкил этилган “Ренессанс” клубининг фаол аъзоси сифатида ҳам ташаббуслари билан пешқадам.

Баҳодир Жўраевни келажакда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ҳамда юртимиз тараққиётига камарбаста бўла оладиган комил ва баркамол авлод бўлишига ишонамиз. Бу йўлда эса унга кучли ирода, сабр-тоқат, улкан зафарлар ҳамда юксак парвозларни тилаб қоламиз.

Хуршида КЕНЖАЕВА,                                                                 Бухоро давлат Тиббиёт институти катта ўқитувчиси.