ЁШЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПИБ…

Козим ТОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

     Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан изчил борилмоқда. Бу жараённи жамоат ташкилотлари, сиёсий партияларнинг тўлақонли иштирокисиз тасаввур этиш қийин.

Маълумки, сиёсий партиялар муайян ижтимоий-сиёсий вазиятларнинг тақозосига кўра вужудга келади. Ҳар бир партия аниқ ғоялар тарафдори, муайян гуруҳ, қатламнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, қарашларини илгари сурадиган ва уни ҳаётга татбиқ этиш учун курашадиган сиёсий куч сифатида майдонга чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов: “Агар  қайсики партия ҳаётдаги барча муаммоларни эмас, бирор бир аниқ ишни ўз масъулиятига олиб, уни охиригача ҳал этишга интилса, фақат шунинг ҳисобидан обрў қозониши мумкин” дея амалий ҳаёт билан чуқур боғланган партиягина элнинг назарига тушишини таъкидлаган эди.

Мамлакатимиздаги мавжуд партиялар ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ аниқ дастури, ғоялари, амалий ишлари билан ёшлар ва эл-юрт назарига тушишга, аҳоли ишончини қозонишга, ташаббускор куч сифатида намоён бўлишга ҳаракат қилди.

Маълум маънода партиялари ёшлар ўртасида мустаҳкам кўприк бўлишга эришяпти. Тўғри, ёшлар орасида ижтимоий-сиёсий фаол бўлмаган, сиёсий маданият ва ҳуқуқий онгини етарлича шакллантиришга интилиши йўқлар ҳам оз эмас. Ана шундай жараёнларда ҳам сиёсий партиялар фаолиятидаги соғлом рақобат рақибини обрўсизлантириш билан ўз ўрнини алмаштириб қўймаслиги жоиз.  Зеро, сиёсий боадаблик қоидаларига эътибор бериш ҳар бир депутатнинг масъулиятли вазифасидир.

Ёшлар – партиянинг таянч қатлами. Улар билан ўз келажагини боғлаган сиёсий куч дастурий мақсадларини амалга ошириш борасида ёшларнинг муайян масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари, таклифлари, эҳтиёжлари, имкониятларини ўрганиши лозим. Ҳар бир партия ёшлар қалбига йўл топиб, иш олиб борса, ўз мақсадларига тезроқ эришиши мумкин.