ЁШЛАР – ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧ

 Жамол НОСИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Либерал демократик партияси фракция аъзоси

       Ҳар йили мамлакатимизда 600 мингдан зиёд бутунлай янгича шарт-шароит ва муҳитда камол топган ёш авлод вакиллари катта ҳаётга йўлланма олмоқда. Улар Ўзбекистоннинг энг катта таянчи ва суянчи. Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишидек буюк мақсадга эришиши кўп жиҳатдан йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқдир.

Асосий қонунимизнинг 40-моддасида: “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, 41-моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томони”ан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, деган қоидаларнинг белгиланиши, 1991 йилдаёқ “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда жисмонан соғлом, комил инсонни вояга етказишга, нақадар, катта эътибор берилганидан далолат беради.

Мақсади эзгу: ёшларимизнинг Ўзбекистон тараққиётини янги уфқларга олиб чиқиш, унинг шуҳратини янада юксалтириш, байроғини янада юқори кўтаришга қаратилган интилишларига йўл очиб беришдир.

Шу маънода давлатимиз томонидан фуқароларнинг билим олиши, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, аҳоли, айниқса, вояга етмаганларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мустаҳкамлаш, кафолатлаш билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ижроси, айниқса, ёшларни касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, таълим муассасалари, спорт мажмуалари, болалар учун дам олиш масканларининг барпо этилаётгани ёшларга яқинроқ бўлиш, уларнинг орзу ҳаваслари, интилишларини рўёбга чиқариш йўлида олиб борилаётган бетакрор амаллардир.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асл мақсади ҳам, уни тарғибот этиш мақсадида ўтказилаётган “Ўзбекистон келажагига масъулман!” шиори остидаги Фаол ёшлар форумининг мақсади ҳам шу: ёшларимизнинг Ўзбекистон тараққиётини янги уфқларга олиб чиқиш, унинг шуҳратини янада юксалтириш, байроғини баланд кўтаришга қаратилган интилишларига йўл очиб беришдир.