ТАЪЛИМ ИСТИҚБОЛИНИ КЎЗЛАБ

Абдуғаппор ҚИРҒИЗБОЕВ,

 Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, профессор

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ҳар томонлама камол топган, таълим ва касб-ҳунар сирларини онгли равишда танлаш ва кейинчалик пухта ўзлаштириш учун ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, психологик-педагогик ва бошқа тарздаги шароитларни яратишни, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялаш масаласини ҳал қилишга киришилди.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ёшлар манфаатини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини ошириш учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратилди.

fikr.uz_

Биргина қонунчилик соҳасида ёшлар ҳуқуқлари, манфаати ва эркинлигини ҳимоя қилишга доир йигирмадан ортиқ қонунлар қабул қилинди, ўттиздан ортиқ халқаро ҳужжатлар имзоланди. Мавжуд таълим муассасаларини давр талаблари даражасида ислоҳ қилишдан ташқари, МДҲ давлатларида ўхшаши йўқ турдаги янги турдаги ўқув юртлари — касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ташкил этилди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи таълимга йўналтирилади, яъни давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага қаратилган. Таълим тизимига сарфланаётган қисми 35 фоизни ташкил қилиши, ёшларимизга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрликлар намунаси, албатта.

Бугун мамлакатимиздаги 59 та олий ўқув юртлари ва уларнинг 11 та филлиалларида 260 мингдан зиёд талаба ва магистрларимиз таҳсил олмоқда. Шунингдек, пойтахтимизда Москва Давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Россия нефть ва газ университетлари, халқаро обрў-эътибор ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган Европа ва Осиёнинг етакчи олий ўқув юртлари бўлмиш Буюк Британиянинг Вестминстер университети, Сингапур Менежментни ривожлантириш иниститути, Италия давлатининг Турин Политехника ҳамда Жанубий Корея республикаси  Инха университетларининг филиаллари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг узоқни кўзлаб амалга оширилаётганлиги, нафақат, ватандошларимиз, балки  хорижий экспертлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Демак, таълим соҳасидаги буюк дастурларимизнинг ўз вақтида, узоқни кўзлаб ишлаб чиқилгани ва амалга оширилгани  келажагимиз  пойдеворининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.