Соғлом турмуш тарзи тарғиботи

с1

Яқинда  “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши “Саломатлик ва экология” маркази томонидан Бухоро юридик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи, Бухоро туризм, шунингдек, Бухоро автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежида “Биз – соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” акцияси доирасида “Эл соғлиги – юрт бойлиги” мавзуида давра суҳбатлари ўтказилди.

Бунда сўзга чиққан мутахассислар ОИВ/ОИТС касалликларининг зарарли оқибатлари хусусида тўхталишди. Шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларни спорт машғулотларига кенг жалб этиш ҳам эл саломатлиги йўлида олиб борилиши зарур вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Акция доирасида ташкил этилган ёш рассомлар кўргазмаси ҳам ўқувчи-ёшларда илиқ таассурот қолдирди. Соғлом ҳаёт, она табиатни асраш, атроф-муҳит озодалигини кўз қорачиғидек сақлаш, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғулари мужассам суратларда акс этган чизгилар ёш мўйқалам соҳибларининг бетакрор иқтидорга эга эканликларини яна бир карра намоён этди.

Соғлом турмуш тарзини тарғибот этишга қаратилган акциялар давом этмоқда.

Санобарбегим АШУРОВА,

Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши қошидаги

“Саломатлик ва экология” маркази раҳбари.