“ПАРВОЗ” ФАОЛ ЖАМОАТЧИ ЁШЛАР ТАРҒИБОТ ГУРУҲИ ташаббуси ўтказиладиган “ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИГА МАСЪУЛМАН!” фаол ёшлар форумолди учрашув бўлиб ўтди.
1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани республикамизда ёшлар масаласига бўлган эътибор даражасини кўрсатади. Ёшларга оид давлат сиёсати, аввало, ҳар бир давлатнинг ички сиёсати бўлиб, у ёшлар ва давлат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Бу сиёсат давр талаби ва мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб, такомиллашиб ва тўлдириб бориладиган узлуксиз жараёндир. Зеро, ёшларга оид давлат сиёсати уларнинг муаммоларини ҳал этиш асносида такомиллашиб, тўлдириб борилаётгани айнан юртимиз ёшлари учун имкониятлар майдонини кенгайтириб бормоқда. Ёшлар муаммолари ўз вақтида ҳал этиб борилмас экан, улар олдида тўсиқ бўлувчи ҳолатлар ижтимоий-сиёсий барқарорликка таҳдид солувчи кучга айланиши, шунингдек, ёшлар онгида мафкуравий бўшлиқ бўлса, уни ғайриижтимоий, давлат ва жамият тараққиётига зид ғоялар эгаллаб олиши ҳеч гап эмас.
Вилоятимиз ёшларини ижтимоий-сиёсий салоҳият сари ундаш, ана шу куч ва салоҳиятни юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги сари сафарбар этиш, улар олдидаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “Парвоз” фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамда унинг муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Ўзбекистон келажагига масъулман!” шиори остидаги фаол ёшлар форумига тайёргарлик жараёнлари қизғин кечмоқда.
Жорий йилнинг 4 февраль куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши биносида бўлиб ўтган форумолди учрашуви ёшларда қизғин таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамол Носиров “Парвоз” гуруҳи аъзоларини Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида унда ишлаб чиқилаётган қонунлар мазмун-моҳиятини чуқур англашга, шунингдек, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этишга, ижтимоий-сиёсий ҳаётига доимий тарзда аралашишга, ёшлар келажаги ва юрт тараққиётига дахл бўлувчи муаммоларнинг шунчаки томошабини бўлиб қолмай, уларни бартараф этишда ҳам бевосита кўмакдош бўлишга чорлади.
Учрашувда 27 февралда ўтказилиши белгиланган фаол ёшлар форуми концепциясига бир нечта қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида фикрлар алмашилди. Шу билан бир қаторда, “Парвоз” гуруҳи аъзолари томонидан форумда депутатлардан ташқари, вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокини ҳам таъминлаш лозимлиги таклифи билдирилди.
Учрашув сўнггида Ҳаракат Кенгаши раиси Дилшод Ҳакимов фаол ёшлар форуми концепцияси асосида ҳамкорликда чора-тадбирлар белгиланиб, бу борада Ҳаракатнинг барча туман, шаҳар кесимларида уюшқоқлик билан иш олиб борилиши кўзда тутилганини билдирди.