ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ГАРОВИ

 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Юртимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ҳамда саломатлиги, шунингдек, экотизимлар ҳамда атроф-муҳитнинг табиий ҳолатини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уни қайта тиклаш ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Буларнинг барчаси, албатта, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик бар­қарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ҳамда тоза технологияларни жорий этиш имкониятларини кенгайтиради.

Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан мазкур масалаларга бағишлаб, Вобкент тумани “Пирмаст” қишлоқ фуқаролар йиғинида кенг жамоатчилик иштирокида асримизнинг долзарб экологик муаммолари, унинг инсон саломатлиги ва Она табиатга салбий таъсири борасида фуқароларнинг билимларини бойитиш, Она табиатни ҳимоялаш ишларида кенг жамоатчиликни жалб қилиш, бу борада  Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган Қонунларнинг мазмун моҳиятини аҳолига тушунтириш, шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш мақсадида “Атроф-муҳит  мусаффолиги – инсон саломатлигининг гаровидир” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида йиғилганларга кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти томон ривожланиб бораётган мустақил юртимизда атроф-муҳит муҳофазасига кенг жамоатчиликни жалб этиш ишларига  муҳим эътибор қаратилди. “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини самарали амалга ошириш мақсадида  ишлаб чиқилган бир қатор қонуности ҳужжатлари, жумладан, “Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги низом”, “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Намунавий низом”ларнинг мазмун-моҳияти ҳақида  иштирокчиларга  маълумотлар берилди. Айниқса, Оролбўйидаги экологик муаммолар борасидаги маълумотлар  барчанинг эътиборини тортди.

Тадбир сўнгида  сўз олган давра суҳбати иштирокчилари атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш миллий қадрият эканлиги,  ушбу хайрли ишда ҳамма бирдек камарбаста бўлиши инсоний фазилат саналишини  билдириб ўтдилар.

Жаҳонгир ШАРИПОВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят ҳудудий

 бўлинмаси координатори.