Кўзимиз нури, қалбимиз сурури, хонадонимиз чироғи, кўнглимиз ардоғи болажоним! Остонамизни покиза ҳисларга тўлдиргувчи, қалбимизга олам-олам шодлик ва қувонч бахш этгувчи, орзу-умидларимиз даракчиси ва рўёби бўлмиш жажжи кабутарим!
Сени бу чаман юртда бири-биридан гўзал байрамлар, шукуҳга тўла тантаналар, қалби эзгуликдан нурафшон инсонлар ва энг муҳими, ана шундай инсонлар яратиб берган беқиёс имкониятлар кутиб турибди!
Юртимизда ёш авлод камолоти учун яратиб берилган имкониятларни санаб, адоғига ета олмайсан.
Тўрт мучаси соғ авлодим давомчиси, болажоним! Ўзингдек дуркун-дуркун, соғлом ва бақувват жажжи дўсту дугоналаринг қаторида тур! Меҳри офтобдан иссиқ онангга, елкасига заминни-да тутишга қодир отангга қанот бўл! Мустақил юрт шаънини улуғла! Буюк боболардан мерос мардлик ва матонатдан, журъат ва жасоратдан, юксак маънавий салоҳиятдан баҳраманд бўл! Ўз келажагингни ярат! Номингни эл аро тарат!
Сенга қучоқларимиз очиқ! Ҳар бир одимингга эшмиз! Сендан фақат ва фақат эзгуликлар кутамиз! Чунки, Сен бизнинг эртанги ёруғ умидимиз, юртимизнинг порлоқ истиқболисан!