Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилишнинг асл моҳияти аскарларимизда Ватанга муҳаббат ва садоқатни, юксак маънавий фазилатларни тарбиялаш, касбий маҳоратни ошириш, жанговар тайёргарликни таъминлашдан иборат. Шу эзгу мақсадлар йўлида эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу шеърий мажмуа аскарларимизга доимий ҳамроҳ ва мададкор бўлади, деган умиддамиз.
ҲАРБИЙЛАР АЛИФБОСИ
А
Ақли расо фарзанднинг, Асли бурчи – ҳимоя! Азиз юртни авайланг, Асранг, бўлинг чўнг қоя!
Б
Батальон байроғини, Баланд тутинг, ботирлар! Бўлинманинг бойлиги, Баҳодирлар, нодирлар!
В
Взвод, гуруҳ бўласиз,
Ватансевар аскарлар.
Постда сергак турасиз,
Ватанпарвар лашкарлар!
Г
Горнизонда шаҳарча,
Генерал бош таркиб бор.
Госпитал ва гулзорлар,
Гард юқтирмас тартиб бор!
Д
“Диққат! Диққат!” деганда,
Довдирама, дўст, ўртоқ!
Дарҳол қўлга ол қурол,
Душманни бос дадилроқ!
Е
Елдек елиб юрганнинг,
Елга учмас ҳаёти.
Ерга тегмас елкаси,
Елкадош қаноти.
Ё
Ёлғиз чиқсанг сафарга,
Ёмон йўлдош ёв бўлар.
Ёт, ёвузнинг йўлига,
Ёвқур йигит ғов бўлар.
Ж
Ёлғиз чиқсанг сафарга,
Жангчиларга хос хислат.
Жасорат-ла жанггоҳда,
Жанг қилмаслик – жиноят!
З
Зийрак турар измида,
Заковатли мард соқчи!
Зарба олар зудликда,
Заҳар-заққум айғоқчи!
И
Иғвогарлик, иблислик,
Илгаридан бор иллат.
Иллат изин қуритар,
Инсонпарвар, ҳур миллат.
Й
Йигит бош мард эрса,
Йигит боши хам бўлмас!
Йўлда юки қолмагай,
Йўлин топар, кам бўлмас!
К
Кичик сержант – командир,
Курсантларга кўмакдош.
Камарбаста эрта-кеч,
Касбдошу қуролдош.
Л
Лаёқатли бўлса ким,
Лавозимга лойиқдир.
“Лаббай” дейиш сардорга,
Лабз ҳалолга боғлиқдир.
М
Муқаддас бурч – Ватанни,
Матонат-ла асрамоқ!
Мустақил юрт – жон-танни,
Маҳорат-ла асрамоқ!
Н
Нонтепкилик, нодонлик,
Наркобизнес – иллатдир.
Норғул йигит мард бўлар,
Номард эса хас, гарддир.
О
Она юрт, деб куну тун,
Осонмас сафда турмоқ.
Озодлик майдонида,
Огоҳ бўлиб, от сурмоқ!
П
“Писмиқ киши панада”
Палид, пастқам, кир жойда.
Пала-партиш иш бўлмас,
Патрул бўлган ҳар жойда.
С
Сафарда ҳам, сафда ҳам,
Снарядда, спортда.
Садоқатли сафдошлар,
Снайпердек ҳурматда.
Т
Терроризм – таҳдидлар,
Тараққиёт – тинчликда!
Тревога – турткилар,
Тезкор тайёргарликда!
У
Узун-қисқа кун-тунлар,
Узоқ-яқин йўлларда.
Умид кўзи эл-юртнинг,
Ушли-шудли қўлларда!
Ф
Файзу футур кетмагай,
Фазилатли хонадон.
Фавқулодда ҳолатда,
Фаол бўлса ҳар инсон!
Х
Хонавайрон бўлар халқ.
Халоскори бўлмаса!
Хавфу хатар, офатдан,
Холи, нари бўлмаса!
Ц
Цемент каби мустаҳкам.
Циферблатдай изчил.
– Центр, узр, Марказдан,
Циркуляр бор, қабул қил!
Ч
Чайир, чаққон, чин аскар,
Чайналишни кўрмас хуш.
Чақмоқ чақнар изидан,
Чала-чулпа қилмас иш!
Ш
Шартномавий хизматнинг,
Шароити, шарти шу:
Шартни бузмас эр киши,
Шер юраги этмас шув!
Э
Эгарланган тойчоқдай,
Экипажда йигитлар.
Энг баландда, чўққида,
Эпли эркак, бургутлар!
Ю
Юзи бўлган, юрт ўғли,
Юракларда яшайди!
Юзи бўмас ҳеч шувут,
Юздан ошиб ошайди!
Я
Яхши номи қолажак,
Яшаса ким элим, деб!
Якдил, ботир лашкардек,
Яловим – жон-дилим, деб.
Ў
Ўзига бек Ўзбекмиз,
Ўзбекнинг юз-кўзимиз!
Ўт-оловдан асраймиз,
Ўз уйимиз ўзимиз!
Қ
Қалъа бўлар мустаҳкам,
Қўрғон бўлар тинч, омон.
Қуролимас, қалбини,
Қалқон қилса, қиз, ўғлон!
Ғ
Ғофил бўлмас чин аскар,
Ғолибона қилар жанг.
Ғайрат жўшиб қонида,
Ғаним ҳолин қилар танг!
Ҳ
Ҳарбий ислоҳ – зарурат,
Ҳаётимиз матлаби.
Ҳарбий, касбий куч-қудрат,
Ҳимоянинг талаби!
Искандар РАҲМОН