ЁШЛАР – ЭРТАНГИ КУННИНГ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧИ

Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси  М. Т. Эсановнинг  “Туркистон” ва “Молодёж Узбекистана” газеталари мухбири саволларига жавоблари

 -Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларидаги ривожланиш, янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб, кўплаб давлатлар ҳавас қилмоқда. Бухоро ҳам бундай ижобий ўзгаришлардан четда эмас. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бундан уч-тўрт йил илгари Бухорога келган меҳмон бугунги шаҳар жамолидан ҳайратда қолиши табиий. Бу натижаларга ўз-ўзидан эришилмади, албатта. Унинг асосида улкан меҳнат ва матонат мужассам. Мустақиллик даврида, хусусан ортда қолаётган йилда бухороликлар ҳаётида алоҳида аҳамият касб этган ишлар ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз? 

-Қадим Шарқ маънавий тамаддуни бешиги, илм-маърифат маркази ҳисобланган, ҳар бир тошида минг битта ҳикмат яширинган Кўҳна ва боқий Бухоро айниқса истиқлол йилларида ўзгача қиёфа ва тароват касб этиб бормоқда. Бир киприк қоқгулик лаҳзада кечагина нураб бораётган деворлар ўрнида ҳайратомуз муҳташам бинолар қад ростлади: замонавий иншоотлар, равон йўллар, илм-маърифат масканлари, бир-бирига туташ боғлар, хиёбонлар ташкил этилди. Қишлоқлари ободлиги шаҳарга бўйлашади. Шаҳар кўркидан кўнгиллар шод бўлади.

Ушбу йилларда ҳудуд аҳолиси ҳаёти, турмуш тарзи, тафаккури ва дунё қараши ҳар томонлама юксалиб борди. Айниқса, улуғ аждодларимиз қадамжолари тикланиб кўркам қиёфа касб этганлиги, ҳудудларимизда йилдан-йилга қизғин тус олаётган янги-янги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари шаҳару  қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

19101310

2522

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги “2015 йил Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йилда жами қиймати 100,19 млрд. сўмлик 89 та объект фойдаланишга топширилди. 24 та қишлоқ ичимлик суви билан таъминланди.

Йўл қурилиши бўйича 6 та йирик объектда 77 922,0 млн.сўмлик иш бажарилиб, жами 31,5 км халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар реконструкция қилинди ва 1 та йўл ўтказгич қурилди.

Бундан ташқари, “Умумфойдаланувдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини 2015 йилда тўлиқ таъмирлаш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоят ҳудудидаги 9 та объектларда жами 49 961,3 млн.сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди, 2 та кўприк янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўз навбатида сўнгги уч йилда вилоятдаги деярли барча олий ўқув юртлари, талабалар турар жойлари ва спорт мажмуалари  замонавий стандартлари асосида капитал реконструкция қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Президентимизнинг бевосита ташаббуслари ва раҳнамоликларида ёш оилаларимизга муносиб яшаш муҳитини тақдим этиш мақсадида Бухоро ва Когон шаҳарлари, Ғиждувон туманида ҳар бири 64 та хонадондан иборат 3 та “Камолот”  уйлари жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларга туҳфа этилди. Қишлоқларда  намунавий лойиҳалар асосида 923 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Қилинаётган ҳар бир сайъ-ҳаракат ортида инсон манфаати, унинг фаровон турмуши мужассам. Ҳамма нарса инсон, унинг бахту-саодати, турмуш  фаровонлиги учун тамойили — вилоятнинг барча жабҳаларида изчил ва босқичма-босқич  олиб боралаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда.

Манзилли ҳудудий дастурларнинг инсонларнинг моддий ва маънавий турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани фуқароларни мамнун этмоқда.  Айниқса, эл-юрт ризқ-рўзини таъминлашга қаратилган ғаллачилик, пахтачилик, чорвачилик соҳаларида фермерлик ҳаракати кенг авж олдирилди. Натижа Бухоро вилоят деҳқонлари ўзига хос тажриба мактабини яратдилар.

Шунингдек, мева-сабзавотчилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларининг салмоқли равишда ўсгани танти деҳқон меҳнатининг буюк самарасидир.

Саноат соҳасини ривожлантириш борасида ҳам Бухорода илгарилаш юқори. Йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари  ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион 245 млрд. сўмни ташкил қилиши ва ўсиш суръати 108,8 фоизга етиши кутилмоқда.

Жорий йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 5 та корхонадаги 12 та лойиҳалар ҳисобига жами 117,6 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш амалга оширилди ва 40,1 млн. доллар миқдорида валюта иқтисод қилинади.

Саноат салоҳиятини ошириш дастури доирасида 2015 йилда жами 469 та амалга оширилиб, 117 млрд.сўм ва 1,8млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиб, 8088 та иш ўринлари яратилди.

Албатта бу ишларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

– Вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, айниқса, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни яққол кўзга ташланмоқда. Қолаверса, уларнинг ғоя ва ташаббуслари тенгдошларини иш билан таъминлашда ёрдамчи куч вазифасини ўтаётгани сир эмас. Шундан келиб чиқсак, вилоят иқтисодиёт тармоқларига, жумладан, қишлоқ ва халқ хўжалиги соҳаларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб этишда ёшлар ташаббуслари ва лойиҳалари қандай ўрин тутмоқда?

–  Ёшлар ҳамиша яратувчанлиги, ташаббуси ва интилувчанлиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, уларнинг таваккалчилик, бошлаган ишларини охирига етказиш каби қизиққон жиҳатлари ҳам бор. Балки шу сабабдан айримлар ёш тадбиркорларга ишонқирамай қараётган бўлиши мумкин. Ёш тадбиркорларнинг иш бошлашлари учун маблағ масаласининг кўндаланг туриши ҳам уларни ўйлантириб қўйиши мумкин. Шу мақсадда ёшлар томонидан яратилган инновацион лойиҳа ва ишлаб чиқилган дастурлар асосида деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш, кичик корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ёшлар тадбиркорлигига кенг йўл очиб берилди.

Бугунги кунда ёшларимизнинг таклиф ва ташаббуслари сабаб улар томонидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида кўплаб тенгдошлари ҳам иш ўринларига эга бўлишмоқда. Жумладан, ёш авлод вакилларидан бири Бахром Саидов ўз бизнес лойиҳаси билан “Ёш тадбиркор-юртга мададкор” кўрик-танловида ғолиб бўлди. Натижада 20 млн сўм миқдорида имтиёзли кредитни қўлга киритиб, корхонасида 4 нафар тенгдошини иш билан таъминлади. Жорий йилда коллеж остонасидаёқ ўз ташаббускорлиги, тадбиркорлик қобилиятини намойиш этиб, турли йўналишларда ўз бизнесини бошлаш орқали тенгдошларини ҳам ишли қилишга бел боғлаган 638 нафар йигит-қизга 5 миллиард 324,7 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Улар орасида Шерзод Раҳмоновнинг паррандачилик, Гулбаҳор Сатторованинг тикувчилик, Руслан Ахмедовнинг ёғоч ўймакорлиги, Насим Чориевнинг чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишидаги йирик лойиҳалари алоҳида диққатга молик.

1387777135_07

Битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш масаласига вилоятимизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йил мисолида олиб қарайдиган бўлсак, вилоят бўйича 116 та бўш иш ўринлари ярамаркалари ташкил этилиб, мазкур ярмаркаларда 1200 та корхона ва ташкилотлар 25000 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ярмаркаларда жалб қилинган 25500 нафар ёшлардан 2030 нафар ёшлар доимий иш ўринларига эга бўлишди. Шунингдек, 10000 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш бизнинг доимий диққат-марказимизда.

Мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган янги фермер хўжаликларини ташкил этиш, қурилиш корхоналари фаолиятини ривожлантириш, мавжуд саноат корхоналарини модернизация қилиш, шунингдек, янгидан барпо этилаётган Қандим газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши сингари истиқболли лойиҳалар бу йўналишдаги муаммоларни  ҳал қилиш имконини беради.

– Бухорода иқтидорли ёшлар талайгина. Сиз ҳар доим улар билан мулоқотдасиз. Сизнинг-ча, ёшларни қандай масалалар қизиқтиряпти? Уларни зарарли ёт ғоя ва таъсирлардан ҳимоялаш устувор вазифа саналган ҳозирги пайтда ёшлар маънавиятини ошириш, уларга зарур маданий–маърифий шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, жойларда маданият ва истироҳат боғлари фаолиятини яхшилаш, аҳоли дам олиш масканларини қуриш ва ишга тушириш борасидаги камчиликларни бартараф этиш масаласи ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Ҳамма замонларда ҳам оддий, лекин кўп такрорланадиган ҳақиқат бор: ҳар қандай жамиятнинг келажаги ёшларга боғлиқ. Мамлакатимизда ёшларга катта ғамхўрлик кўрсатилишининг давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги бежиз эмас, албатта. Ёшлар билимга чанқоқ, интилувчан. Замонавий ахборот технологияларни ўзлаштиришлари учун барча имконият мавжуд. Улар ҳар соҳада пешқадам. Айниқса, уларнинг жонкуярлиги, ўз келажакларига бефарқ эмаслиги, кўп масалада ўз нуқтаи назари борлиги мени қувонтиради.

Дарҳақиқат, иш фаолиятим давомида доимий равишда ёшлар жамоалари билан учрашиб тураман, улар билан мулоқотда бўламан. Ҳар бир учрашув арафасида талабалар турар жойларида бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари, ахборот-ресурс марказлари, ўқув-лабораторияларида яратилган имконият ва шарт-шароитларни кўриб, ўзимнинг уларга ҳавасим келади. Бундан ташқари, шуни айтиб ўтиш лозимки, ёшлар турли фикрлар, ташаббусларга бой бўлади. Улар билан ўтказилган ҳар бир суҳбатдан жойлардаги аҳвол ҳақида ҳам тўла-тўкис тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Чунки ёшлар ошкораликни ёқтиришади. Уларнинг фикрлари бизнинг келажакдаги режаларимизни тузишда ҳам қўл келиши, шубҳасиз.

Ёшлар ниҳолга ўхшайди. Бугун биз шу ниҳолларимизни дайди шамол мисоли интерет ва бошқа манбалардан келадиган зарарли ахборот оқимларидан муҳофазалай олишимиз, уларда ёт ғояларга қарши муносиб мафкуравий иммунитетни шакллантиришимиз талаб этилади. Негаки, бугун улар тарбиясидаги кичкина дарз, келажакда улкан ўпқонга айланиши мумкин.

Бу ўринда фақатгина таъқиқлашнинг ўзи билан иш битмайди. Уларни замонавий ахборот технологияларидан чеклаш эмас, балки улардан мақсадли фойдаланиш маданиятини сингдиришимиз лозим.

Ёшларга маданий-маърифий шароитлар ҳозирлаш ҳақидаги саволингизга тўхталсак. Бугун таълим муассасаларида, ишлаб чиқариш корхоналарининг барчасида маънавият хоналари мавжуд. Уларнинг барчаси замонавий кўринишда таъмирланган, турли адабиётлар ва тасвирий воситалар, даврий нашрлар билан таъминланган. Бир қарашда бу борада муаммо йўқдек. Аммо ана шу хоналардан фойдаланиш даражаси қандай? Маънавият хоналари ёшлар учунми ёки комиссия, текширувчилар учунми? Ўз телефонидан дунё миқёсидаги исталган ахборотни олаётган ўсмирни маънавият-маърифат хонасидаги фақатгина босма кўринишдаги адабиётлар қай даражада қониқтира олади? Бугун биз маънавият хоналарини ташкил этишда ана шу нуқтаи назардан туриб ёндошган ҳолда улар талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олишимиз, керак бўлса, ёшларларни миллий манфаатларимизга хизмат қиладиган ахборотлар билан таъминлаш мақсадида компьютер, бепул интернет ва  бошқа зарур ахборот технология воситалари билан таъминлашимиз зарур.

1397626447_dsc00815

1397626522_img_4960

1397626425_dsc00804

1397626418_dsc00840

Ушбу фикрларни маданият ва истироҳат боғлари мисолида ҳам айтиш ўринлидир. Дарахтзор ичидаги беш-олтита ўриндиқ, ҳамда уч-тўртта урфдан қолган аттракцион – бу истироҳат боғи эмас.

Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда маданият ва истироҳат боғларини фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида уларни янгидан қуриш, мавжудларини капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда уларни замонавий ўйин қурилмалари ва аттракционлар билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ўтган даврда вилоят марказий маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланиб, 8 та янги аттракцион ўрнатилди. Айни пайтда  Бухоро, Шофиркон, Жондор, Вобкент ва Қоровулбозор, Ромитан, Когон туманлари ҳамда Когон шаҳри марказларида янги боғ қурилиши, Пешку, Ғиждувон, Қоракўл, Олот туманларида капитал реконструкция, Бухоро шаҳар “Пахтаой” болалар боғида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолияти кўп жиҳатдан давлат  органларига ҳам боғлиқ. Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши ҳокимлик томонидан қўлллаб-қувватланиб келинмоқда. Сизнингча, “Камолот”  ЁИҲ нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида вилоят ёшлари орасида ўз ўрнини топа оляптими? Бугунги кунда вилоят ижтимоий ҳаётида унинг  иштироки қандай? Ахир, айримлар орасида ёшлар ташкилоти маҳаллий ҳокимликларнинг топшириғини бажарувчи органга айланиб қолгани ҳақида танқидий фикрлар ҳам йўқ эмас….

– Фуқаролик жамияти сари юз тутаётган эканмиз, бу мақсадга нодавлат жамоат ташкилотларининг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин. Бу борада “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаракат томонидан ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни маънан ва жисмонан баркамол авлод этиб тарбиялаш, фаол ва иқтидорли ёшларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилиб келинаётган лойиҳа ва танловларда вилоят ёшлари фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида турли соҳаларда юқори натижаларга эришган вилоятнинг 5 нафар фаол ёшига “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони тақдим этилди. Шунингдек, Ҳаракат томонидан республика миқёсида ўтказилаётган “Юрт келажаги”, “Ёш тадбиркор-юртга мададкор”, “Энг намунали бошланғич ташкилот етакчиси” сингари танловларда мунтазам равишда бухоролик ёшларнинг совриндор бўлиб келаётганлиги қувонарли ҳол. Жамиятнинг ижтимой-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, ўз ютуқлари ва фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёш оилаларга “Камолот уйлари”нинг берилиши, ҳарбий хизматни ўтаган талаба йигитларнинг шартнома тўловларининг амалга оширилиши, ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратишга тавсияномалар берилиши ва бошқа турдаги имтиёзларнинг амалга оширилиши ҳам “Камолот”нинг ёшлар ўртасидаги мавқеининг анчайин юксалишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги мисоллар шундан далолат берадики, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўз олдига қўйган мақсадларига эришиб келмоқда. Бунда маълум маънода мазкур ташкилотнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатгани ҳам муҳим омил бўлмоқда. Вилоят ҳокимлиги бу борада Ҳаракатнинг вилоят Кенгашига ҳамиша эътибор бериб, жоиз бўлса, елка тутиб келган. Шу ўринда ташкилот етакчиларини ҳам янада фаолликка чақирган бўлардим. “Камолот” етакчиси ўз вазифасини бажариш учун зарур бўлса, жойлардаги ҳокимликлар эшикларини ҳеч иккиланишларсиз очиб  киришлари  керак. Бироқ баъзи ёшларимизда миллий менталитетимизга хос бўлган андиша, “юзхотир” сингари хислатлар устун келиб, кўпгина вазиятларда улардаги ташаббус ва ғайратни тўсиб қўймоқда. Масалан, аҳоли орасида, аниқроғи, маҳаллалар вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар билан бўлиб ўтадиган учрашув ёки қабулларда ёшлар фаоллиги кутилганидек сезилмайди. Ёшларнинг жамият ҳаётида фаоллигини ошириш, сиёсий ва ижтимоий жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда “Камолот” бизга энг биринчи қанот бўлиши шарт ва зарур. “Камолот” етакчиси раҳбар экан, ўз тизими ривожи йўлида ҳамкор ташкилотлар, шу жумладан давлат органлари олдига ўз талабини қўя олиши, шу баробарида қўл остидаги ёшларни ягона мақсад сари бирлаштира билиши ҳам даркор. Шу нуқтаи назардан “Камолот”нинг ёшларни ўз атрофига жипслаштириш, улар ўртасида маънавий-маърифий-тарбиявий ишларни кучайтириш борасида қиладиган ишлари ҳали талай. Айниқса, тизимда кадрлар билан ишлаш ва улар заҳирасини яратиш масалаларига устувор вазифа сифатида қарамоғи керак.

Ўз навбатида Ҳаракат фаолият кўламини тобора кенгайтирган ҳолда қуйи бўғинларни ҳам қамраб олиши талаб этилади. Шу боис, “Камолот”нинг ҳар бир туманда, керак бўлса, ҳар бир маҳаллада ўз ўрни бўлиши лозим. Эътиборни ёшлар ташкилотининг қуйи бўғинлари, айниқса, бошланғич ташкилотларнинг нуфузини оширишга қаратиш жоиз.

Шу ўринда айтиш жоизки, “Камолот” ЁИҲ маҳаллий ҳокимликларнинг топшириғини бажариш, ёки унинг “йўриғи”дан чиқмаслик шамойилидан аллақачон воз кечган. Мен масаланинг бошқа томони ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Ёшлар етакчилари ишни тўғри тақсимлаши, ўз ҳудудида кечаётган жараёнлардан четда турмаслиги, фаол бўлиши лозим. Бунинг учун улар жамият ҳаётида иштирок этиши, унинг қозонида пишиши керак. Шундагина у ҳақиқий ташкилотчи, раҳбар бўлиб шаклланади. Ташкилотнинг шундай хусусиятларга эга кўплаб кадрлари масъулиятли лавозимларга тавсия этиб келинмоқда.

– Вилоятда Ёшлар марказини барпо этишдек савобли ишга қўл урилган. Табиийки, бу биз, ёшларни қувонтиради. Янги марказдан Сиз нималарни кутяпсиз? Бу маскан ёшларга қандай имкониятлар яратади?

– Ҳар бир ташкилот, муассасанинг фаолияти самарадорлиги биринчи навбатда кадрлар лаёқати ҳамда унинг моддий-техник базаси, ходимларга яратилган қулай шарт-шароитга ҳам боғлиқ.

Шу жиҳатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги фармойишига асосан, Абу Али ибн Сино номидаги санъат саройи биноси “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгашига “Ёшлар маркази” сифатида фойдаланиш учун топширилди. Лойиҳа қиймати 7.829.921.82 сўмлик ушбу бинода ҳозирда қайта реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилганидан сўнг бу ерда “Фаол ва иқтидорли ёшлар”, “Ёш ҳунармандлар”, “Шахмат-шашка”, “Инглиз тили”, “Тасвирий ва амалий санъат” сингари клублар, спорт машғулотларини йўлга қўйиш орқали яна 40 та янги иш ўринлари яратилади. Шу билан бир қаторда мазкур иншоот 700 кишига мўлжалланган катта зал ҳамда 180 кишига мўлжалланган анжуманлар залини ҳам ўз ичига олади.

Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, янги марказнинг ташки томонида 15х8 ҳажмдаги замонавий технологияга асосланган экран ҳам ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу экран орқали ёшлар Ҳаракат томонидан ўтказилаётган тадбирлар ва лойиҳаларни тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Ўйлайманки, ушбу марказда вилоят ёшлари бўш вақтларини мазмунли ўтказиб, ўзларининг иқтидорларини янада ривожлантириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган комил инсон бўлиб вояга етишади.

 Ёшлар жамиятнинг таянчи ва ҳал қилувчи кучи. Шундай экан, уларнинг ташаббускорлиги ва юртимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғусини ошириш, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларни ривожлантириш учун янги йилда вилоят миқёсида қандай ишларни амалга ошириш мўлжалланяпти?

– 2016 йилда ёшларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг фаоллигини рағбатлантириш мақсадида кўплаб лойиҳа ва танловлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот”дан кафолат”, талабалар учун “Камолот” таълим гранти”, “Талабалар интернет ҳаракати” лойиҳалари, “Йил сардори”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Ораста қизлар”, ахборот технологиялари йўналишидаги “Интеллектуал” танловлари, “Талабалар театр студиялари”, “Ёшлар модаси ва дизайн” фестиваллари, шунингдек, турли форумлар, ҳафталиклар ва кўргазмалар ташкил этилади.

Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ўз бизнесларини бошлашга кўмаклашиш мақсадида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Бизнес клуб”лар фаолиятини йўлга қўйиш, “Бир дарча” тизими янада такомиллаштириш, ўқув-марказлари ташкил этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, ёш тадбиркорларга хусусийлаштириш учун ер майдонлари, бинолар ажратиб бериш ҳам режалаштирилган.

Бу каби имконият ва шароитлар ёшларимизнинг келгуси муваффақиятлари учун муносиб замин бўлиши шубҳасиз.

Зеро юртимиздаги ҳар бир ёш, ҳар бир мурғак ниҳол эътиборда эканлигини, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр Ватани, Президенти борлигини ҳис қилсин.

Суҳбатдош: журналист Лайло ҲАЙИТОВА