“Улуғбек” стипендияси соҳиби
Бухоро давлат университетининг География факультети тўртинчи босқич талабаси Нигора Шодиева тиришқоқлиги, интилувчанлиги туфайли жорий йилда “Улуғбек” стипендияси соҳибаси бўлди.
Ўз билим ва саводхонлигини ошириб бораётган Нигора ҳар бир фанни қунт билан ўзлаштиришга одатланган. У Ватан равнақи, юрт саодати учун тарбия топаётган, ўзига хос истеъдодли, ўткир зеҳнли ва ҳозиржавоб қизлардан. Айниқса, адабиёт соҳасидаги мувофаққияти ва изланишлари истеъдод қирраларининг сайқалланишида муҳим восита бўлмоқда. Унинг 2013-2014 йилларда ўтказилган “Ораста қизлар” кўрик-танловидаги муносиб иштироки ҳам диққатга сазовор.
-Устозларимнинг ҳар биридан ҳаётим давомида зарур бўладиган қимматли маслаҳатларни олдим. Уларсиз мен бундай натижаларга эриша олмас эдим,- дейди биз билан суҳбатда Нигора.
Нигоранинг эришаётган ютуқлар чакки эмас. У олийгоҳдаги устозлари кўмагида “Дутор хониши”, “Дунёларга алишмам”, “Кутилмаган севги” каби шеърлар ва ҳикоялар тўпламини нашрдан чиқарди. Шу билан бирга, “Халқ мақолалари Географик билимлар манбаи”, “Географик хариталаш ва улар билан ишлаш”, “Мева–сабзавотчилик ва полизчилик фанидан тест саволлари”, “Материклар ва океанлар географияси”, “Ўзбекистон географиясига доир маълумотнома”, “Ўзбекистонда география ўқитиш методикаси фанининг ривожланиши”, “Сабзавотчилик ва ўсимликшунослик фанидан тест саволлари”, “Бухоро тарихий обидалари географияси”, “Умумий ер билими”, “Мактабда география таълими”, “Интенсив боғдорчилик асослари” каби ўқув ва услубий-қўлланмалар муаллифидир. Ўттизга яқин илмий мақолалари хорижда ва Республикамизнинг илмий-оммабоп журналларида нашр этилган.
Ёшлигидан илм олишга иштиёқи баланд Нигора Шодиевани муваффақиятлар асло тарк этмасин, деймиз.
Шарофиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ