ЧОЙЧАҚАГА НЕ ҲОЖАТ?!

Ачитқи

       Бугун тонг саҳардан ташвишларим кўпайиб узоқ манзилга бориш учун такси “ёллашим”изга тўғри келди. Борадиган манзилгача такси ҳайдовчиси билан суҳбатлашиб келдик.

– Ўғлим пойтахтда, Тошкент Давлат юридик институтида таҳсил олади. Шу йил худо хоҳласа, ўқишни тугатади,- дедию бироз хўрсиниб қўйди.

– Ўғлингиз шундай институтни тугатсаю, сиз хомуш тортасиз? – сўрадик ҳайдовчидан.

– Биринчи йил амалиётни ҳакамлик судида, кейинги йил туман прокуратурасида ўтади. Бироқ, у ердаги қандайдир ҳолатларни хушламадими, ёки кўз олдида адолатсизлик бўлди, шекилли, менинг бу соҳада ишлаб кетишим қийин, ваҳоланки, мен назария орқали тўғрисўз ва адолатпарвар бўлишни, хизматга сидқидилдан ёндошишни, фақат ва фақат ҳақиқат томонда туришни уқиб, ўрганганман. Фуқаролар тақдирига эътиборсиз бўлиш менинг учун эмас.  Мен ҳарбий  хизматида ишлайман, деб қатъий қарорга келган.

– Яхшику, бунинг учун ўғлингиздан хафа бўляпсизми?

– Йўқ. Аммо унинг истагида  иш топишнинг ўзи бўлармиди?  Туман ҳакамлик судидан ишини тайинли “гаплашиб” қўйган бўлсам…

– Шунақа денг…

Орага сукут чўкди. Борадиган манзилимиз бироз узоқ. Машина текис ва равон йўлда бир маромда келарди. Йўлда, деярли, унча- мунча машина ҳам йўқ эди. Шу топ нима жин урдию, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими таёқчаси биз ўтирган таксига “тўхта” ишорасини берди. Ҳайдовчи тезликни оширмаган ёки тартибни бузмаган бўлса- да, одоб билан машинани тўхтатди. Қоидага мувофиқ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимини кутди. Бор- йўғи, 8- 10 қадам, чамаси, наридан такси ҳайдовчиси қаршисида пайдо бўлган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими, ҳатто, ўзини таништириб ҳам турмай: “Нима, машинангдан  тушолмайсанми? Ҳужжатларингни об туш!” – деди ўдағайлаганча. Ўғли тенги ходимнинг қўпол муомаласидан такси ҳайдовчиси қаршимизда хижолат тортдию, яна “майли-да” дея кулимсираганча  машина ҳужжатларини олиб тушди. Кузатувимизча, ҳужжатлар жойида. Бироқ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими қўлларини ҳавода наридан-бери силтайверганча, нималардир, деб жоврарди. Ҳаял ўтмай, ҳайдовчи қайтиб, машина тортмасидан ўн-ўн беш минг сўм пул санашга тушди.

– Нима, ҳужжатларингизда камчилик бормиди? – сўрадик уларнинг “одатий ҳоли”га кўниккан биз ҳам.

– Йўқ. Шама қилишяпти. Буларнинг “тили”ни тушуниб кетганмиз! –деди бир хомуш, бир ҳазил тортиб такси ҳайдовчиси.

– Демак, емаган сомсангизга пул тўлаяпсиз экансиз-да!

– …. – жавобсиз тушиб кетди такси ҳайдовчиси.

Воқеа биз учун ҳам роса қизиқ бўлгани учунми, эринмай, ҳамроҳим билан таксидан тушдик.

– Ҳа, чойчақами? –дедик тап тортмай ҳайдовчи билан эндигина “салом”лашмоқчи бўлган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига яқинлашиб.  Унинг қўллари ҳавода муаллақ қолди. Саволомуз қаради.

– Такси ҳайдовчисининг қандай камчилиги борлигини бизга ҳам тушунтириб берарсиз, агар малол келмаса, ваҳоланки, биз узоқ йўлга отланаётган бўлсак!

–  Ҳамма ҳужжатлари жойида. Ҳеч қандай камчилик йўқ! –  деди у.

–  Унда сизга чойчақага не ҳожат?! – бўш келмадик биз ҳам.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими хижолатда вазиятдан чиқишга уринди. Ҳеч бўлмаганда, озгина бўлса ҳам виждони бор экан: у такси ҳайдовчисидан узр сўради.

Ҳа, ўйлаб қоласан, киши: гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, балки айрим чойчақага куни қолган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг номуносиб ҳатти- ҳаракатлари  боис, улар фаолияти бўйича рейдлар ташкил этиш тўғридир! Таклифга нима дейсиз!

Ҳарқалай, ўз касбини суистеъмол қилаётган шундай шахслар сабаб такси ҳайдовчиси айтмоқчи, унинг ўғлидек ёшлар ўз танлаган касбини хоҳламай қолаётгани бежизга эмас бўлса керак!

Биз маънавияти бутун, ҳуқуқий жиҳатдан манфаатлари муҳофаза қилинадиган  давлатда яшаймиз. Давлат ҳар жиҳатдан ўзининг барча органлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Шундай экан, ҳеч кимнинг ўз фаолиятини суистеъмол қилишга ҳақи йўқ.

Лайло ҲАЙИТОВА