– дейди истеъдодли санъаткор, ҳофиз ва моҳир созанда Фарҳод Саидовнинг яккахон концертига тушган киши.
Ҳамроҳлар билан ишдан чиқиб, келишилган вақтда кўришгунимизча концерт бошланадиган пайт ҳам бўлиб қолди. Шоша-пиша концертга келганларнинг чипталарини текшириб, ичкарига киргизаётган назоратчилар турган эшикка яқинлашдик. Белгиланган тартибда залга кирсак, беш-ўн чоғли томошабин ўз ўриндиғини банд этиб туришибди, холос. Улар ҳам санъаткорнинг яқини, қариндош-уруғлари, яъни таклифнома орқали таклиф этилган меҳмонлар. Концерт бошланишига эса атиги 10 дақиқа қолган. Шерикларимиздан бири, “Тавба, одамлар санъатни ҳам тушунмайдиган бўлиб кетишибди, чоғи. Ахир Фарҳод Саидов анча-мунча ҳофиз эмас, нега концертига кам одам йиғилибди” деб қолганди, бошқаси гапни илиб кетди:
– Э, одамларни билмайдигандек, худди биринчи марта концертга киргандек гапирасиз-а?! Ҳозир концерт бошланса, ярим соатлардан кейин узун-қисқа бўлиб, боласини йиғлатиб, қувалаб, қарғаниб, судралиб кириб келишади. Халқимизга хос одат бу. Дард тузалса, тузаладики, одат ҳеч қачон тузалмайди…
Чиптада кўрсатилган ўрнимизга бориб ўтирдик. Соат еттидан беш дақиқалар ўтди. Концерт ташкилотчилари тез-тез саҳна ортидан залга кўз югуртириб кетишяпти. Одамлар эса худди “керак бўлса кутасан-да”, дегандек бемалол кириб келишяпти. Ҳамроҳимиз айтганидек, биров учта боласи бўлса, уччовини ҳам етаклаб олган, биров ёшига етмаган гўдагини ҳам кўтариб олган. Бир пайт кўзимиз болалар аравачасига боласини солиб олиб, зал бўйлаб ўриндиғини қидириб юрган жувонга ҳам тушди. Қизиқ, гўдак бола билан концертда нима кўриш мумкин? Қўлингда боланг ғингшиб ётса, қандай дам оласан, биродар? Балки сенга концерт ёш боланг билан татир, лекин концертга кирганлар, эгнию қорнидан тийиб, маданий ҳордиқ чиқараман, қўшиқ тинглаб ором оламан, деб чипта сотиб олган, уларга болангнинг ғингшиши, йиғлаб асабни эговлаши ёқармикин, бунинг ҳисобини қилмайсанми, дегингиз келади шундайларни кўрганда. Нима дейсиз энди, ўзбекчилик андишаси. Концерт бошлангунига қадар томоша кўргулик асабингиз ҳам қолмайди.
Хуллас, белгиланган вақтдан ўттиз дақиқаси ўтгач (албатта, томошабинларнинг айби билан!) концерт бошланди. Ҳар оҳанги, ҳар ноласи Бухоро воҳасининг ўзига хос тўпори- тажанг кишиларининг шўхлигини, жўшқин табиатини эслатгувчи мусиқа садолари зални жонлантириб юборгандек бўлди. Ажиб ҳиссиётлар кўнгилни қитиқлаб, бор ташвишу ўйловларни унутади, киши. Соҳир ҳислар, ширин туйғулардан энтикиб, дунёни унутиб ўтирганингда кимдир келиб елкангдан туртади:
– Фалонинчи қатор қаерда?..- турган гапки, мусиқа садолари унинг овозини босиб кетади ва албатта… ширин ҳис бағишлаётган ором ҳам бўлинади. Ҳалиги сўровчи яна саволини такрорлайди. Қаторнинг рақамини айтасан. Кошкийди, шу билан тинчиса… Энди у чиптада кўрсатилган ўриндиғини ҳам сўрайди. Ва бир маданиятсизнинг эзмалиги сабабидан ҳозиргина дилингни яшнатаётган манзара ҳам кўзингга хунук кўринади. “Шу санъаткорнинг дискини сотиб олиб, уйда бир ўзим мазза қилиб қўшиқ тингласам, яхши бўларди” деган ўйдан ғижинасан. Аммо бир кўнглинг яна фикрингга қарши чиқади: “жонли томоша, барибир, жонли-да!”
Жонли томоша чиндан ҳам мияни чалғитади, асабларга дам беради. Бироз бўлса ҳам кўнгилга хотиржамлик иниб, одатий ташвишлардан нарироқ бўласиз. Албатта, томоша ҳам шунга яраша юксак савияда бўлса. Аммо айримларнинг фаросатсизларча белгиланган вақтда томошагоҳга келмаслиги ёки ёш боласини етаклаб, томоша бошлангач ҳам санъаткорнинг ва ҳам томошабинларнинг ғашини келтириб, фикрини бўлиб. бемалол кириб келиши концертга киришдаги мақсадингизни пучга чиқариб қўяди. Шундайларга дуч келганда, халқимизга маданият, маънавият деган тушунчаларни уқдириш учун бундан ортиқ яна қандай ҳаракат қилиш керак экан-а, деган ўйдан оғринади киши.
Эл назаридаги кишилар, санъаткорлар, ҳофизу хонандаларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши халқга кўзгудек гўё. Улар маданият, маънавият, нафосат ва одоб-ахлоқи юксаклиги билан ҳам элга ибрат бўлишлари шарт.
Умида АДИЗОВА