Нуқтаи-назар
Тасаввур қилинг. Сиз замонавий театрнинг томоша залида ўтирибсиз. Саҳнада спектакль кетяпти. Санъаткорлар бутун вужуди билан берилиб, ҳаётий воқеаларни саҳнада акс эттиришяпти. Аммо шу пайт томоша залида ўтирганлар орасидан кимдир ҳуштак чалади. Ёки кимдир артистларнинг қайсидир ҳатти-ҳаракатидан завқи ошиб: ”оҳ-ҳо-о” деб юборади. Бошқаси эса еб турган олмасини саҳнага қараб ирғитади…
Диққатингиз бўлиниб, ўша томошабинга норози қарайсиз. Журъатингиз етса, танбеҳ бериб, томошани бўлмай, жим ўтиришга чақирасиз. Агар озгина виждони бўлса, ўзини йиғиб олади. Аксинча бўлса-чи? Бемаънилиги билан сизнинг ҳам асабингизни бузиб, ҳордиқ чиқариш ҳақидаги орзуларингизни ҳавога учиради. Кайфиятсиз ҳолда театрни тарк этишга мажбур бўласиз…
2010 йилда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида Бухоройи шарифда Марказий Осиёда биринчи бўлиб, ”Қўҳна ва боқий Бухоро” мажмуаси таркибида 700 нафар томошабинга мўлжалланган муҳташам санъат саройи – театр биноси тикланди. Ўшанда Бухоро вилоят Мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси билан учрашган Президентимиз улар олдига замонавий қаҳрамон яратиш вазифасини қўйган эди. Ёш авлодга ўзининг инсоний фазилатлари, қилган яхши ишлари билан ҳар томонлама ўрнак бўлишга арзийдиган инсонлар образини саҳнада яратиш мақсадида айтилган ушбу фикрни вилоятимиз театри артистлари ўзлари учун касбий йўналишга айлантиришди. Театр жамоаси ҳар куни мана шу эзгу мақсади йўлида изланишда. Лекин театрга спектакль ёки концерт томоша қилиш учун келганлар санъатнинг шу нозик қирраларига ҳурмат кўрсата олишаяптими? Муҳташам томоша залининг ўриндиқларини аяш, озодалигини сақлаш, шунингдек, намойиш этилаётган спектаклларни кузатаётганда инсонийлигу, одобнинг оддий тушуналарига риоя этишни билишармикан?
Саҳнага отилган олма…
– Ўтган йили янги йил байрами кунлари эди. Кичкинтойларнинг қишки таътил кунларида “Қорқизнинг тўйи” номли карнавал-шоу дастуримизни намойиш этаётган эдик,-дейди театрнинг ёш артисти Азиз Бўронов, – Мен Авазбек ролини ижро этаётгандим. Авазбекнинг Қорқизни ёқтириб қоладиган ва ортидан қўшиқ куйлаб чиқиб кетиши керак бўлган саҳна намойишини тақдим этаётганимда, томошабинлар орасидан кимдир менга қарата олма отса бўладими? Олма менга тегмаган бўлса-да, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, руҳим чўкиб кетди. Ўша фурсатда ижродан кечиб, танбеҳ беролмасам, ёки нега бундай қилганининг сабабини сўролмасам… Минг афсуски,бундай ҳолатлар туманларга борганимизда ҳам юз беради.
Ҳақиқатан ҳам саҳнага отилган олма ва бошқа бир буюм, ёки ножоиз айтилган сўз роль ижро этаётган санъаткорга, унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қўймайди. Қолаверса, у ҳам инсон. Ўзига яраша асаби бор. Наҳотки, бундай беадабликка борган томошабин шу ҳақда ўйлаб кўрмаса?
Писта пўчоғини фаррош супуриб тозалайди
Театр ва кино залларида кишининг энсасини қотирадиган яна шундай ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Саҳнада томоша бошланган, кўпчилик томошабинлар ўзаро бемалол суҳбатлашиб ўтиришади, танбеҳ берсангиз, пичирлашиб, томоша воқеаларини муҳокама қилишаётганини билдиришади, гўё. Ачинарлиси, улар орасида писта чақиб, меҳмонда ўтиргандай бор овозида кулишиб ўтирадиган, уялмай-нетмай, писта пўчоқларини ўзлари ўтирган ўриндиқ атрофига сочиб ташлаб кетишларини қандай изоҳлаш мумкин?
Бир куни шундай адабсизлик қилаётган талаба қизга танбеҳ бердим. Шунда у: “Мен бу жой учун чипта сотиб олиб кирдим. Хўш, писта пўчоғини ташласам, нима бўпти? Шунинг эвазига ойлик оладиган фаррош супуриб тозалайди”-деди безрайиб…
– Энг ёмони айрим томошабинларнинг резина сақичларни ўриндиқларнинг исталган жойига ёпиштириб кетишлари,- дейди театрнинг фаррошларидан бири Фотима опа,- айрим пайт томошалар кетма-кет бўлиб қолса, йиғиштириш, тозалашга зўрға улгурамиз, ишонасизми? Гоҳида эса оёқ остидаги қимматбаҳо гиламларга ёпишиб қолган резина сақичларни пичоқ ёрдамида қириб олишимизга тўғри келади. Бу эса ўз-ўзидан ўридиғу гиламларнинг сифатига ҳам таъсир қилади.
Ҳаммамизга яхши маълумки, театр – халқнинг маънавий мулки. Уни биздан кейинги авлод вакилларига гўзал ҳолида топшириш – бурчимиз. Бу оддий ҳақиқатни англаб-англамай, уни хароб қилишга, бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
“Томошабин маданияти” соатлари керак…ми?
Олий ва ўрта таълим билим юртларида маънавият дарслари ўтилиши- ҳаммамизга яхши маълум. Театр ёки бошқа кўнгилочар масканларда мана шу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида шу дарсларда “Театр одоби” ёки “Томошабин маданияти” соатларни киритиш керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Ўшанда фарзандларимиз маданият даргоҳларида ўзларини қандай тутиш лозимлигини, томоша пайтида нималар қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини ўрганишармиди?
Хулоса ўрнида айтаманки, бу ҳаммамиз ўйлаб кўришимизга арзийдиган жиддий масала. Юртимизда ёш авлод маънавиятини юксалтиришга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётган шу даврда биз юқоридаги ҳолатларни мажбурият сифатида фарзандларимиз онгига ҳам сингдира олишимиз керак.
Токи улар санъат ва маданият даргоҳларида томоша қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида борган пайтларида юқоридаги каби ножоиз қилиқлардан тийилсинлар.
Инсон гўзал фазилатлари қаторида одоб ва ахлоқи, жамоат орасида ўзини муносиб тута олиши билангина таҳсинга лойиқ бўлишини ёшларимиз тушунишлари лозим.
Моҳигул НАЗАРОВА,
Бухоро вилоят мусиқали драма театри
бош режиссёрининг адабий масалалар бўйича ёрдамчиси.