Таҳририят почтасига
Жаҳоннинг кўпгина халқлари нишонлайдиган янги йил байрами бизнинг юртимизда ҳам байрам қилинади. Янги йилда дастурхон тузаймиз, арча шохларини безатиб, ўйин-кулгу қиламиз, ҳатто ҳар хил ҳайвон ва жонзотлар ниқобини тақиб, балл маскарадларида иштирок этамиз. Ҳанузгача моҳиятан ўзимиз ҳам англаб етмаган байрамни интиқиб кутамиз. Фарзандларимизга янги йил байрамида улар истаган нарсаларни олиб беришни ваъда қиламиз, ёхуд Қорбобо ва Қорқиз мўъжиза кўрсатиб, уларга орзусидаги ўйинчоқни совға қилишига астойдил ишонтирамиз. Лекин ҳеч қандай аҳамият ва маъно касб этмайдиган, на миллий қадриятларимизга ва на турмушимизга алоқаси бўлмаган кунни байрам қилиш учун ойлаб пул жамғарамиз. Кейинги пайтларда-ку мажбурий ва мантиқсиз хурсандчилик нархи жуда баландлаб кетяпти. Янги йил арафасида ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиши муносабати билан нарх-наво ҳам осмону фалакка кўтариляпти. Умуман олганда, бу сохта “шодиёна” кишиларга жуда қимматга тушяпти. Янги йилни кутиб олар чоғимизда, ўзига яраша бажараётган амалимизни аввал ақл тарозусида ўлчаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлармиди, деган эзгу ниятимиз бор эди. Бирортамиз янги йил байрамининг келиб чиқиши, тарихи, маъно-мазмунини тафаккур қилиб кўрганмизми? Бу хусусда сизнинг фикрларингиз қандай? Уни шунчалик тантана сифатида нишонлашимиз шартми?!
Умида
Жавоб: Милодий йил, деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв, Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойлари кенг истеъмолда экани ҳам барчага маълум. Эслатиб ўтамиз, мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.
Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами” каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. Биз шу каби кимсаларга яна бир бор эслатиб қўймоқчимизки, 1 январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йилбоши сифатида қарши олинадиган кун. Агар “Роджество” каби христианлар байрами бўлса эди, мусулмонлар учун у кунни байрам қилиш жоиз бўлмас эди. Ваҳоланки, христианларнинг “Роджество” куни 25 декабрь ёки 7 январга тўғри келади. 1 январни эса барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир сарҳисоб қиламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Баъзилардек ношаръий ҳолатларда эмас.